Ссылки доступа

Uzbekistan Airways Афғонистондан эвакуация қилинганлар гуруҳини Германияга етказди


Uzbekistan Airways ширкатига қарашли самолёт Афғонистондан эвакуация қилинган 200дан ортиқ кишини Тошкентдан Германиянинг Франкфурт Майн шаҳрига етказди. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар берди.

Uzbekistan Airways Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси илтимоси билан эвакуация қилинганларни ватанига етказиш учун самолёт ажратган.

Германия Мудофаа вазирлиги Твиттер саҳифасида бу хабарни тасдиқлаган ҳолда, ҳарбий учоқда Кобулдан яна 211 киши олиб чиқилганини билдирди. Хабарда айтилишича, Тошкент орқали шу кунгача Германияга 900 киши эвакуация қилинди.

Аввалроқ Ўзбекистон ва Германия раҳбарияти телефон орқали мулоқот қилиб, Афғонистондан фуқароларни эвакуация қилиш масаласида ҳамкорлик қилишга келишган эди.

Билдирилишича, тез фурсатда кўпроқ одамни хавфсиз жойга кўчириш мақсадида Германия ўз фуқароларини Кобулдан Тошкентга олиб келади. Кейин улар Тошкентдан Германияга жўнатилади. Бу мақсад учун Тошкент-3 аэропорти ажратиб берилган.

Бундан аввал эвакуация қилинганларни Тошкентдан Германияга Lufthansa ширкати самолётлари олиб кетаётган эди.

XS
SM
MD
LG