Ссылки доступа

Қирғизистон ва Тожикистон чегарага оид яна бир протокол имзолади


Разрушенные в результате конфликта дома в селе на границе Кыргызстана и Таджкистана.

Қирғизистоннинг Боткен вилоятида Қирғизистон ва Тожикистон чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича ҳукумат делегациялари топографик ишчи гуруҳларининг навбатдаги йиғилиши якунланди. Йиғилиш 16-22 август кунлари Исфана шаҳрида бўлиб ўтди.

Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг хабар беришича, йиғилиш якунлари бўйича тегишли протокол имзоланган. Ҳужжатнинг мазмуни, олдинги протоколлар сингари, ошкор қилинмаган. Вазирлар Маҳкамаси фақатгина учрашув «дўстона муҳитда ва ўзаро тушуниш руҳида» ўтганини таъкидлайди.

Томонлар кейинги учрашувни Тожикистон ҳудудида ўтказишга келишиб олдилар.

Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида апрель ойи охирида юз берган қонли тўқнашувдан сўнг, томонлар икки мамлакат ҳудудида топографик гуруҳларнинг бир неча учрашувларини ўтказдилар, натижада протоколлар имзоланди. Бишкек ва Душанбе ҳужжатлар тафсилотларини ошкор қилмаган. Аммо июль ойида маълум бўлдики, охирги 3 учрашувда томонлар чегаранинг 40 километрини келишиб олишган.

Қирғиз-тожик чегарасининг узунлиги 970-980 километрни ташкил этади, шундан ҳозирча 519 километри делимитация ва демаркация қилинган. Ҳар йили Қирғизистон ва Тожикистон чегарасининг баҳсли участкаларида: қуруқлик, сув, чегарани ноқонуний кесиб ўтишда ва миллатлараро келишмовчиликлар сабаб низолар келиб чиқади. Шу билан бирга, қуролдан тез-тез фойдаланилади, бу эса одамларнинг қурбон бўлишига олиб келади.

Энг йирик чегара можароси Головной сув тақсимлаш иншоотидаги низо туфайли бошланган 2021 йил апрель ойининг охирида содир бўлган. Қуролли тўқнашув натижасида 36 нафар Қирғизистон фуқароси ва 19 та тожикистонлик ҳалок бўлган. Ўнлаб турар-жой бинолари, ижтимоий муассасалар ва бизнес объектлари ёниб кетди.

XS
SM
MD
LG