Ссылки доступа

Ўзбек блогери Москвадаги Ўзбекистон консуллигида калтакланди. Элчихона ходимларни ҳимоя қилмоқда


Блогер Джурабек Омонов.

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси 19 август куни консуллик биносида бухоролик блогер Жўрабек Омоновни калтаклаган ходимларнинг ҳаракатини ҳимоя қилиб чиқди.

“Суянч” гуруҳи бошқарувчиси бўлган Жўрабек Омонов YouTube каналида эълон қилинган видеода бурни синган ва қонга беланган алфозда кўринади.

У элчихонага бундан 10 кун олдин онасини йўқотган икки яшар ўзбекистонлик кизалоқнинг тақдирини муҳокама қилиш учун таклиф этилгани, консулхонага келган одамлар билан қўпол гапираётган қўриқчиларга танбеҳ бергани учун калтакланганини айтмоқда.

19 август куни Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси консуллик бўлимида содир бўлган ҳодиса ҳақида Жўрабек Омоновнинг ўзи YouTube-каналидаги видеомурожаатида маълум қилди.

Россиядаги мигрантлар муммоларига эътибор қаратиб келадиган блогер ва фаолнинг сўзларига кўра, у ўтган пайшанба элчихона вакили томонидан онасини йуқотган икки яшар ўзбекистонлик кизалоқнинг тақдирини муҳокама қилиш учун консуллик бўлимига таклиф қилинган.

Омоновнинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, у консуллик биносида ходимларнинг фуқароларга қўпол муносабат қилаётганига гувоҳ бўлган.

Блогернинг талқинича, ҳодиса у ходимларга танбеҳ бергани ортидан келиб чиққан. Омонов ўзини калтаклаган икки шахснинг консуллик хавфсизлик хизмати ходимлари эканини айтмоқда.

- Қизча масаласида боргандим элчихонага. Онаси менга айтяптики, қидирувдаман, мени кўп нарсада айблашяпти – элчихонага боролмайман ўзим. Болани полиция олиб қўйибди. У аёлга нима ёрдам бера оласизлар, деган мақсадда боргандим. Консулликка кирганимда, иккита қўриқчи сансираб гапираётган экан. Уларга “сансирамасдан гапир, “ҳурматли фуқаро” деб мурожаат қилинг” десам, “сен кимсан?! Зўрмисан? Қанақадир келиб “права качать” қиляпсан”, деди. Кириш олдида назорат пунктидаги алоҳида хонасига мени камаримдан тортиб кириб, кутилмаганда мушт билан уриб қолди. Ичкарида кейин улар мени муштлашни давом этди. “Сен кимки, менга муаммо туғдира оладиган?”, деб бўғиб, бошимдан урди. “Мен сенларга қўл кўтармаяпман, ўйлаб иш қилларинг! Ҳақинг йўқ одамларни уриб”, дедим. Биттасининг исми Жўрабек, иккинчиси Аҳрорми – исмини айтгиси келмайди.

Ўзбек муҳожирининг консулликда олган жароҳатлари Москва шаҳар шифохоналаридан бирида қайдга олинди.

Омоновнинг сўзларига кўра, ҳозирда онаси ташлаб кетган 2 яшар қизалоқ Москва вилояти Раменское туманидаги васийлик идораси назоратида қолмоқда.

Жўрабек Омоновнинг Озодликка айтишича, ҳодиса ортидан консуллик раҳбарияти унга чиққан ва “ички текширув ўтказилиб, ходимлар жазоланишини” билдирган.

Аммо Ўзбекистон элчихонаси Озодлик мурожаати ортидан 20 август куни тарқатган баёноти оҳанги бошқача.

Унда Ўзбекистоннинг Москвадаги дипломатик ваколатхонаси Жўрабек Омонов хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан "тўхтатиб қолингани"ни тасдиқлайди, аммо Омонов консуллик хизматининг тоифаланган биносига "белгиланган қоидаларни бузган ҳолда куч билан бузиб киришга уринган"ини айтилади:

“Жорий йилнинг 19-август куни ўзини Жўрабек Амонов деб таништирган номаълум шахс Ўзбекистон Республикасининг Москвадаги элчихонаси консуллик бўлимининг тоифаланган биносига ноқонуний равишда киришга уринган.

Ҳужжатларни тақдим этиш талабларини ва эпидемиологик хавфсизлик чораларини, шунингдек консуллик бошқармаси иш жадвалини ва қабулни кутаётган бошқа Ўзбекистон фуқароларини писанд этмасдан, кўрсатилган шахс консуллик бўлими биносига сабабини тушунтирмай, белгиланган қоидаларни бузган ҳолда куч билан бузиб киришга уринган. Натижада, у чет эл муассасаси хавфсизлик ходимлари томонидан тўхтатилди ва дипломатик миссия ташқарисига чиқарилди".

Элчихона ўзбекистонлик муҳожир нима сабабдан калтаклангани, нима учун ҳодиса ҳақида 19 август куни эмас, балки Озодлик мурожаатидан кейин маълумот берилганини изоҳламаяпти.

Жўрабек Омонов кўп йиллардан бери Россияда истиқомат қилади. Бир неча йил олдин муҳожирларга кўмак берувчи «Суянч» гуруҳини тузган бухоролик йигит интернет тармоқларида 100 мингга яқин фолловерга эга.

Жўрабек элчихонадагилар уни чақириб, “англашилмовчилик бўлгани”ни айтишгани ва кечирим сўрашганини билдирди.

Айни пайтда бурни синган, кўп жойидан лат еган блогер президент Мирзиёевга мурожаат қилиб, ўзини калтаклаган элчихона ходимларига қонуний чора кўришга чақирмоқда.

XS
SM
MD
LG