Россия Мудофаа вазирлиги тўртта ҳарбий транспорт самолётидан фойдаланиб, Россия Федерацияси, Беларус, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Украинанинг 500 дан ортиқ фуқароларини Афғонистондан эвакуация қилди.
«25 август куни Россия президенти Владимир Путин топшириғига биноан Россия мудофаа вазири, армия генерали Сергей Шойгу Россия Федерацияси, КХШТга аъзо давлатлар (Беларус, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон) ва Украинанинг 500 дан ортиқ фуқароларини эвакуация қилишни ташкиллаштирди», — дейилади хабарда.
Россия Федерацияси Мудофаа вазирлигининг хабар беришича, Шойгу эвакуацияни амалга ошириш учун 4 та ҳарбий транспорт самолётидан иборат авиация гуруҳини яратган, улар энг қисқа вақт ичида Уляновск аэродромида тўпланган.
«Ҳар бир Россия ҳарбий-транспорт самолётида парвоз пайтида Россия ва бошқа мамлакатлардан эвакуация қилинган фуқароларга тиббий ёрдам учун ҳарбий шифокорларнинг тиббий ва ҳамширалик гуруҳлари зарур тиббий асбоб-ускуналар ҳамда дори-дармонлар билан таъминланган», — дейилади Россия Мудофаа вазирлиги хабарида.
«Россия ва Афғонистон Ислом Республикасидан эвакуация қилинган бошқа давлатлар фуқаролари парвозини қўллаб-қувватлаш учун Россиянинг барча ҳарбий самолётларида етарли миқдорда ичимлик суви, кўрпа-тўшаклар ва индивидуал рацион билан таъминланган», — дейилади хабарда.
Толибон 15 августда Кобулга кириб, Афғонистонни озод қилганини ва уруш тугаган деб ҳисоблаганини эълон қилди. Бунга қадар АҚШ қўшинлари ва уларнинг иттифоқчилари Афғонистондан чиқиб кетиши билан Толибон Афғонистон ҳукумат кучларига қарши кенг кўламли ҳужум бошлади.
Бир қатор давлатлар ўз фуқароларини Афғонистондан эвакуация қилмоқда.