Генерал-майор Уилям Тейлорнинг сўзларига кўра, охирги 24 соат ичида АҚШ ҳарбий транспорт самолётлари Кобулдан 11 мингдан ортиқ одамни, АҚШ иттифоқчилари эса деярли 8000 кишини олиб чиққан. Ўтган кун давомида Афғонистон пойтахти аэропортидан 90 та рейс амалга оширилди. Ҳарбий транспорт самолёти Кобулдан ҳар 40 дақиқада бир марта парвоз қилди.
Тейлорга кўра, ҳозир 10 мингга яқин одам Кобул аэропортида эвакуацияни кутмоқда.
Шаҳар Толибон назорати остига ўтган 15 августдан бери Кобулдан кўчирилганлар орасида АҚШнинг 4400 га яқин фуқароси бор (ҳарбийларни ҳисобга олмаганда). Қолганлари дунёнинг бошқа мамлакатлари фуқаролари, шунингдек, хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилган ёки бошқа сабабларга кўра Толибон томонидан репрессия билан таҳдид қилинган афғонлардир.
Кеча Қўшма Штатлар қўшинларини олиб чиқиш, шунингдек, ўз фуқаролари ва иттифоқчиларини Кобулдан эвакуация қилишни 31 августгача якунлашга интилаётганини тасдиқлади.
Пентагон чоршанба куни, эвакуациянинг охирги кунларида, асосан, ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий техникани олиб чиқишга эътибор қаратилишини айтди, бу эса тинч аҳоли эвакуацияси бутунлай тўхтатилади дегани эмас. Америка Қўшма Штатлари ва унинг иттифоқчилари Толибондан мамлакатни тарк этишни истаган афғонларга 31 августдан кейин чиқиб кетиш имкониятини беришини талаб қилмоқда. Германиянинг Афғонистондаги элчисига кўра, чоршанба куни Толибоннинг юқори мартабали расмийси бу имконият қолишини айтган.