Ссылки доступа

Ўзбекистонга деярли 97 кило наркотик олиб кираётган шахс қўлга тушди


Сурхондарё вилоятидаги “Сариосиё” чегара божхона постида 25 август куни деярли 97 кило наркотик моддани Ўзбекистонга олиб киришга ҳаракат қилган юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси қўлга олинди.

Давлат Божхона қўмитасининг билдиришича, 25 август куни тунги соат 3.30 ларда “қўшни давлат фуқароси бошқарувидаги “Merсedes-Benz” русумли юк автотранспорт воситаси” божгирлар томонидан текширилганида 20 тонна оғирликдаги ип калава орасига яширилган 93 дона полиэтилен ўрам топилган.

Қўмита томонидан ўтказилган текширув доирасида полиэтилен ўрамларда 85 кило 505 грамм героин ҳамда 11 кило 425 грамм наша борлиги аниқланган.

“Мазкур ҳолатда жами 96 кг. 930 гр. оғирликдаги гиёҳвандлик воситаларининг республикамиз ҳудудига яширинча олиб кирилишининг олди олинди”,-дейилади хабарда.

Расман билдирилишича, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Ўзбекистонга қўшни давлатлардан ноқонуний олиб кирилаётган 260 килодан кўпроқ наркотик модда ушлаб қолинди.

XS
SM
MD
LG