Ссылки доступа

АҚШ ва иттифоқчилар террор ҳужуми хавфи туфайли одамларни Кобул аэропортини тарк этишга чақирди


Америка Қўшма Штатлари ва бошқа бир қанча Ғарб давлатлари одамларни теракт юз берганда Кобул аэропорти ва яқин атрофдаги кўчаларни тарк этишга чақирди, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги.

АҚШнинг Афғонистондаги элчихонаси 25 август куни кечқурун тарқатган баёнотида АҚШ фуқароларига «хавфсизлик таҳдиди туфайли» Кобул аэропортига бормасликни ва ҳаво портининг кириш жойлари яқинида бўлмасликни тавсия қилган.

Британия Ташқи ишлар вазирлиги худди шундай огоҳлантириш билан одамларни хавфсиз жойга кўчиб ўтишга ва бошқа маслаҳат кутишга чақирди.

Австралия, шунингдек, ўз фуқароларини ва тегишли рухсатномаларга эга бўлган бошқа одамларни «террорчилик ҳужуми хавфи жуда юқори» эканлигини айтиб, ҳудудни тарк этишга чақирди.

Ғарб давлатлари ўз фуқаролари ва улар билан ишлаган афғонларни, шунингдек, толиблар келиши билан ожиз аҳволда қолиши мумкин бўлган бошқа одамларни эвакуация қилишга уринмоқда. Аэропорт ва унинг атрофида жуда кўп одамлар тўпланиб, 31 августда Афғонистондан эвакуация қилиш муддати тугашидан олдин чет элга учиш имкониятини интизорлик билан кутишди.

АҚШ президенти Жо Байден аввалроқ «Исломий давлат» (ИШИД) экстремистик гуруҳининг минтақавий бўлинмаси томонидан уюштирилган теракт хавфини муддатларнинг қатъий сақланишига сабаб деб атаган эди.

XS
SM
MD
LG