Ссылки доступа

Ўзбекистон Олий суди 115 нафар қатағон қурбонларини оқлади


25 август куни Ўзбекистон Олий суди 1923-1938 йилларда собиқ СССР Совнаркоми ҳузуридаги Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси (ОГПУ) қарори билан қатл қилинган ёки концлагерга сургун қилинган 115 нафар шахсни оқлаш ҳақида қарор чиқарди.

Олий суд матбуот хизмати уларнинг "реабилитация қилинмай қолиб кетган қатағон қурбонлари" эканини айтган.

Маҳаллий нашрларнинг Олий суд матбуот хизматидан иқтибос келтиришича, реабилитация қилинган шахсларга доир 6 та жиноят иши президентнинг 2020 йил 9 октябрь куни қабул қилинган «Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармойиши ижросини таъминлаш доирасида кўриб чиқилган.

Олий суд маҳаллий нашрларга тақдим этган рўйхатдан уларнинг айримлари совет даврида "босмачилик ҳаракати" сифатида билинган ва мустақиллик йилларида Россия мустамлакасига қарши миллий озодлик кураши номи берилган ҳаракат намояндалари экани англашилади.

Жумладан, рўйхатда совет тарихчилари "Туркистондаги босмачилик ҳаракатининг энг кўзга кўринган раҳбари" деб атаган Иброҳимбек қўрбоши (Ибрагимбек Чакабаев)ҳам бор.

25 август куни Тошкентда Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов раислигида ўтказилган суд мажлисида ўқиб эшиттирилган қарорда айтилишича, Ибрагимбек Чакабаев ва яна 16 нафар шахсга нисбатан олиб борилган жиноят ишида ОГПУнинг 1932 йил 13 апрелдаги баённомасидан кўчирма мавжуд. Бироқ ОГПУнинг ҳукми мавжуд эмас: 1932 йил 13 апрелда жиноят иши ОГПУ томонидан кўриб чиқилиб, отиб ўлдириш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Олий суд қарорида оқланган 115 кишининг шахси ҳақида маълумот йўқ, шунингдек, уларнинг фаолиятига ҳам баҳо берилмайди. Аммо президент Мирзиёевнинг фармойишида Ватан истиқлоли, халқимизнинг озодлиги ва эркинлиги, келажак авлодларнинг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида мардона кураш олиб бориб азиз жонларини фидо қилган, мустабид тузум даврида қатағон қилинган аждодлар хотирасини абадийлаштириш ҳақида сўз боради.

Оқланганларнинг тўлиқ рўйхати Ўзбекистон Олий суди сайтида мавжуд.

XS
SM
MD
LG