Ссылки доступа

Қозоғистон Европа Иттифоқи фуқароларини Афғонистондан эвакуация қилиш учун самолётларга ёнилғи қуйишга рухсат берди


Қозоғистон Европа Иттифоқи мамлакатлари фуқароларини эвакуация қилиш учун ўз аэропортларида транспорт самолётларига ёнилғи қуйиш имкониятини тақдим этди, деди Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Токаев Европа Кенгаши Президенти Чарлз Мишел билан телефон орқали суҳбатда.

Қозоғистон президенти матбуот хизматининг хабар беришича, Токаев Чарлз Мишелга «Афғонистон муаммосига Қозоғистоннинг позицияси» ҳақида маълумот берган. Хусусан, Қозоғистон Президенти БМТнинг Афғонистондаги ваколатхонасини Олмаотада вақтинча жойлаштириш қарорини «жаҳон ташкилотининг кучли қўллаб-қувватлашини англатувчи рамзий жест сифатида» эълон қилди. Токаевнинг сўзларига кўра, тегишли ёрдам Қозоғистондаги афғонистонлик талабаларга ҳам кўрсатилмоқда.

«Давлат раҳбарининг фикрича, Қозоғистон ва Европа Иттифоқи Афғонистон кун тартибида, шу жумладан Афғонистоннинг ўзида ҳам бир-бири билан яқиндан мулоқот қилиши мумкин. Қозоғистон Европа Иттифоқи мамлакатлари фуқароларини эвакуация қилиш учун ўз аэропортларида транспорт самолётларига ёнилғи қуйиш имкониятини тақдим этди», — дейилади Қозоғистон президенти матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилганидек, «ноқонуний миграция, гиёҳванд моддалар савдоси, одамлар ва қурол савдосига қарши кураш каби ҳамкорлик соҳалари ўзаро манфаатдор». «Қозоғистоннинг дипломатик ва бошқа тегишли идоралари бу масалалар бўйича Европа Иттифоқига консалтинг ёрдами кўрсатиши мумкин», — дейилади Оқўрда баёнотида.

Токаев «урушдан азият чекаётган бутун афғон халқининг манфаатларига мос келадиган барча этник гуруҳлар вакиллари иштирокида инклюзив ҳукумат тузилганидан» кейин Афғонистондаги вазият барқарорлашишига умид билдирди.

Европа Кенгаши президенти ўзининг твиттердаги саҳифасида Қозоғистонга БМТнинг Афғонистонга ёрдам миссияси ходимларини жойлаштиргани учун миннатдорлик изҳор қилганини ёзди.

Сўнгги ҳафталарда юзлаб афғонлар қўшни Тожикистон ва Ўзбекистонга қочиб кетишди. Толибоннинг Афғонистондаги ҳужуми ва жангарилар томонидан Кобулни босиб олиниши минтақа мамлакатларида катта миқдордаги қочқинларнинг чиқиб кетишидан хавотир уйғотди.

XS
SM
MD
LG