Франция президентининг сўзларига кўра, рўйхатда ҳали ҳам «Франция ҳимоя қилмоқчи бўлган бир неча минг афғон» бор ва улар Толибон даврида хавф остида. Бундай зонанинг ташкил этилиши халқаро ҳамжамиятга Толибонга «босимни ушлаб туриш» имконини беради, дейди Макрон.
Душанба куни ушбу масала бўйича резолюция лойиҳаси БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда йиғилишида тақдим этилади.
Франция президенти, шунингдек, одамларни Кобулдан эвакуация қилиш учун Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган Толибон ҳаракати вакиллари билан мулоқот зарурлигини таъкидлади. Бироқ, бу уларнинг тан олинишини олдиндан белгилаб қўймайди, деди Макрон TF1 телеканалига берган интервьюсида.
Толибон аллақачон Франциянинг Кобул аэропортида хавфсизлик зонасини яратиш таклифини рад этган. Ҳаракат вакили Соҳаил Шоҳиннинг айтишича, Афғонистон мустақил давлат ва бунга ҳожат йўқ. «Биз Францияда ёки Буюк Британияда шундай зонани ярата оламизми?» — деб сўради Толибон вакили француз France Inter радиоси эфирида.
Шоҳиннинг таъкидлашича, «ҳар бир афғон ҳар қандай ҳолатда ҳам, агар хоҳласа, 31 августдан кейин чет элга чиқа олади», бунинг учун тегишли ҳужжатлар, хусусан, паспорт ва виза керак бўлади. У, шунингдек, Толибон таъқиб қилмоқчи бўлган одамларнинг қора рўйхатига эга эмаслигини билдирди.
Афғонистон толиблари АҚШ ва унинг иттифоқчиларига ёрдам берган одамларнинг қора рўйхатини туза бошлагани, 19 август куни Реутерс БМТ учун тузилган эксперт хулосасига таяниб хабар берди.
Толибон 15 августда АҚШ қўшинлари ва уларнинг иттифоқчилари Афғонистондан чиқиб кетиши пайтида Кобулни эгаллаб олди. Президент Ашраф Ғани мамлакатни тарк этди. Кобул аэропортида Толибон таъқибидан қўрққан хорижий миссиялар ва улар билан ҳамкорлик қилаётган афғонларни оммавий эвакуация қилиш бошланди.
АҚШ ҳарбийлари Афғонистонни 31 августда бутунлай тарк этиши кутилмоқда. Уларнинг кўплаб иттифоқчилари, жумладан Буюк Британия, Германия ва Франция ўз фуқароларини Афғонистондан эвакуация қилишни тугатган.