Бу ҳақда Тожикистон президенти Имомали Раҳмон 30 август куни Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас билан учрашувда айтди.
Тожикистон раҳбари Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш омилларидан бири барча этник гуруҳлар вакиллари иштирокида инклюзив ҳукумат тузилиши эканлигини таъкидлади. Аввалроқ, Имомали Раҳмон Покистон ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайши билан учрашувда шундай баёнот берган эди.
Тожикистон президентига кўра, БМТ шафелигида инклюзив Афғонистон ҳукумати тузилиши керак.
Тожикистон раҳбари Афғонистон халқига бу мамлакатдаги иқтисодий ва ижтимоий инқирозни ҳисобга олган ҳолда ҳар томонлама ва манзилли ёрдам кўрсатишга чақирди, деб хабар беради Тожикистон президенти матбуот хизмати.
Германия федерал ташқи ишлар вазири Хайко Маас Имомали Раҳмон билан учрашувда вазиятни барқарорлаштиришга музокаралар ва очиқ ҳукумат тузиш орқали ёрдам беришини айтди.
Шунингдек, Тожикистон Президенти ва Германия Ташқи ишлар вазири Германия ва халқаро ҳамжамиятнинг тожик-афғон чегарасини мустаҳкамлаш ва ҳимоя қилишдаги ёрдам масалаларини муҳокама қилишди.
Аввалроқ, Хайко Маас журналистларга Тожикистон, Ўзбекистон ва Покистон, шунингдек Туркия ва Қатарга бориб, нотинч Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилишини айтган эди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, 30 август куни Ўзбекистон ва Германия ташқи ишлар вазирлари Абдулазиз Комилов ва Хейко Маас Тошкентда Афғонистондаги вазиятга оид долзарб масалаларни муҳокама қилган.
Аввалроқ Анқарада Германия Ташқи ишлар вазири ФРГ ҳукумати Афғонистонга қўшни давлатларга гуманитар ёрдам кўрсатишини айтганди.
Маас иш сафари давомида Покистон расмийлари билан музокаралар ўтказади ва Қатарда Толибон вакиллари билан учрашади.
Тожикистон Президенти халқаро ҳамжамиятни Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришга ёрдам беришга чақирди

Жаҳон кучлари Афғонистондаги ҳозирги ўта оғир вазиятда четда турмаслиги керак, акс ҳолда бу мамлакат узоқ давом этадиган фуқаролар урушида қатнашиши мумкин.