Ссылки доступа

Париж, Лондон ва Берлин Кобул аэропортида “хавфсиз ҳудуд” ташкил этмоқчи


Франция, Британия ва Германия гуманитар операцияларни амалга ошириш учун “хавфсиз ҳудуд” ташкил этишни таклиф қилмоқда. Афғонистонни тарк этишни истаган одамлар ҳам бу ишни мазкур “хавфсиз ҳудуд” орқали амалга ошириш имкониятига эга бўлади. Бу ҳақда Франция президенти Эммануэль Макрон маълум қилди.

Франция президентининг айтишича, Афғонистондан эвакуация қилинишни истаган афғонистонликлар рўйхатида яна бир неча минг кишининг исми бор. “Биз уларни ҳимоя қилишни истаймиз, чунки Толибон уларга хавф туғдирмоқда”,-деди Макрон.

Президент фикрича, “хавфсиз ҳудуд”нинг ташкил этилиши орқали халқаро ҳамжамият Толибонга босим кўрсатиш имкониятига эга бўлади.

Мазкур масала 30 август куни БМТ Хавфсизлик кенгашининг навбатдан ташқари шошилинч йиғилишида муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Айни пайтда Толибон Кобул аэропортида “хавфсиз ҳудуд” ташкил этилишига қарши чиқмоқда. Толибон расмий вакили Сухайил Шаҳин “Афғонистон мустақил давлат ва бундай ҳудудга эҳтиёж йўқ”, деб айтди.

31 август куни АҚШ қўшинлари Афғонистонни тарк этади. АҚШ ва унинг иттифоқчилари ўз фуқароларини Афғонистондан эвакуация қилишни якунлади.

XS
SM
MD
LG