Ссылки доступа

Фаоллар телефонлар тингланганини эълон қилишди ва Қирғизистон ИИВ ва Бош прокуратураси раҳбарларининг истеъфосини талаб қилишди


2021 йил январь ойида суд 100 га яқин фуқароларининг телефонларини тинглашга рухсат берди. Бу ҳақда Конституциявий палатанинг собиқ судьяси, Ислоҳотлар партияси етакчиси Клара Сооронқулова Фейбукдаги саҳифасида маълум қилди.

У суд қарорининг фотосуратини эълон қилди ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисида президентга мурожаат йўллади.

Қайд этилишича, суд ҳаракатининг асоси Ички ишлар вазирлиги тергов хизмати бошлиғининг қарори бўлиб, у суддан телефонни тинглашга рухсат беришни сўраган, чунки бу шахсларга нисбатан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган. Гап 2020 йил 5 октябрь воқеалари, хусусан, Оқ уйга ҳужум ва босиб олиш ҳақида кетмоқда.

«Бу рўйхатда, Қирғизистон Республикаси президентлигига мухолиф фикрли номзодлардан ташқари, октябрь воқеаларига алоқаси бўлмаган шахслар ҳам бор. Масалан, фуқаролар Нурбек Токтакунов, Сания Токтогазиева, Таттибубу Эргешбоева ва бошқалар. Танлов 2021 йил 6 январдан бошлаб давом этмоқда. Рўйхатдагиларнинг кўпчилиги фаол фуқаролик позициясини эгаллайди, ҳозирги давлат сиёсати борасида ўз фикрлари ва танқидларини дадил ва очиқ билдиради. Бу фуқароларнинг шахсий ҳаёти ҳақида маълумот тўплаш учун телефонларни тинглаш, бошқача фикр билдириш учун таъқиб қилишдан бошқа нарса эмас», деб ёзади Сооронқулова.

Фаоллар Қирғизистон Президентидан ушбу факт бўйича чоралар кўришни — Ички ишлар вазирлиги бошлиғи Улан Ниёзбековни лавозимидан четлатишни, Ички ишлар вазирлиги бошлиқлари ва терговчиларини, шунингдек судьяни жиноий жавобгарликка тортилишини талаб қилишди. Шунингдек, фаоллар бош прокурор Қурманбек Зулушевни ҳаракатсизлиги учун лавозимидан четлатиш керак, деб ҳисоблайдилар.

Мурожаатга Клара Сооронқулова, адвокат Нурбек Токтакунов, ҳуқуқ ҳимоячилари Рита Карасартова ва Ондуруш Токтонасиров, адвокатлар Сания Токтогазиева ва Таттибубу Эргешбоева имзо чекдилар.

2020 йил 4 октябрда Қирғизистонда навбатдан ташқари парламент сайловлари бўлиб ўтди. Ўз натижаларидан норози бўлган партиялар митинги 6 октябрь куни Оқ уйни босиб олиш билан якунланди. Воқеалар мамлакатда ҳокимият алмашишига сабаб бўлди.

Ички ишлар вазирлигининг хабар беришича, октябрь воқеаларидан кейин оммавий тартибсизликлар, қотиллик, хусусий мулкка зарар етказиш ва бошқа моддалар билан 5-6 та жиноий иш қўзғатилган. Сиёсатчилар ва фаоллар, шу жумладан парламент аъзолари сўроққа чақирилган. Масалан, депутатлар Жанарбек Акаев, Рискелди Момбеков, Эмил Токтошев ва Мирлан Жеэнчороев ўша воқеалар бўйича кўрсатма беришди.

XS
SM
MD
LG