Ссылки доступа

Мирзиёев табрик нутқида Афғонистондаги вазиятга эътибор қаратди


Uzbekistan - President Shavkat Mirziyoyev on Independence Day, Tashkent, 31Aug2021
Uzbekistan - President Shavkat Mirziyoyev on Independence Day, Tashkent, 31Aug2021

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мустақилликнинг 30 йиллигига бағишланиб 31 август куни ўтказилган тантанали маросимда сўзлаган нутқида Афғонистондаги вазиятга тўхталиб ўтди.

Унга кўра, сўнгги кунларда ўзбекистонликлар қўшни Афғонистонда юз бераётган воқеаларни ташвиш билан кузатиб турибди.

“Биз бу мамлакатда тезроқ тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши тарафдоримиз”, деди Ўзбекистон президенти.

Мирзиёев Афғонистон Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасида ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашда кўприк вазифасини бажара олишига ишонч билдирди.

“Афғонистон билан алоқаларимизда дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ички ишларга аралашмаслик тамойилларига содиқ қоламиз”, деди президент Мирзиёев

Ўз сўзи давомида Мирзиёев Афғонистонда ҳокимият транзити халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрларини инобатга олган ҳолда, миллий келишув асосида тинч йўл билан амалга оширилиши ўта муҳим, деб ҳисоблашини урғулаган.

Аввалроқ The Wall Street Journal нашри Вашингтон расмийларидан олинган маълумотга таянган ҳолда Ўзбекистон Қўшма Штатларни Афғонистондан икки ҳафта олдин қочиб ўтган малакали ҳарбий учувчиларни ватанига қайтариши мумкинлигидан огоҳлантиргани ҳақида хабар қилганди. Нашр қайдича, Ўзбекистоннинг бундай қадамга боришига Толибон босими сабаб бўлгани тахмин қилиняпти.

XS
SM
MD
LG