Ссылки доступа

Москвада журналистлар “хориж агентлари” рўйхатини бекор қилишни талаб этмоқда


Россиядаги йигирмадан ортиқ мустақил нашрларнинг бош муҳаррирлари ва ноширлари ҳукуматдан “хориж агентлари” рўйхатини бекор қилишни ва бу борадаги қонунчиликни юмшатишни талаб этмоқда.

Улар Россия президенти Владимир Путин, Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков ва адлия вазири Константин Чуйченкога очиқ хат билан мурожаат қилишди.

Мурожаатни имзолаганлар орасида “хориж агенти” рўйхатига киритилган “Дождь” телеканали раҳбарлари ҳам бор. Бундан ташқари мазкур рўйхатга киритилмаган “Новая газета”, “Эхо Москви”, Znak.com каби оммавий ахборот воситалари раҳбарлари ҳам мактубни имзолаган.

Мактуб муаллифлари “Хориж агентлари тўғрисида”ги қонунни бекор қилишни талаб этишмаяпти. Улар қонун талабларини юмшатиб, 12 та ўзгартиш киритилишини таклиф этмоқда. Бу таклифлардан бири нашрнинг “хориж агенти” эканини аниқлашни судга топшириш талабидир.

Хориж агентлари тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши ортидан 2017 йилда “хориж агентлари рўйхати” ҳам шакллантирилди. Айни пайтда Россияда мазкур рўйхатга 43та ОАВ ва жисмоний шахс киритилган. Озодлик радиоси рус хизмати ҳам “хориж агенти”, деб топилган. Аммо радио Россия ҳукуматининг бу қарорига норозилик билдириб келмоқда.

XS
SM
MD
LG