Ссылки доступа

ЕИ Афғонистондан қочқин қабул қилган қўшни мамлакатларга маблағ бериши мумкин


Европа Иттифоқи Афғонистондан қочқин қабул қилган қўшни мамлакатларга 600 миллион евро миқдорида пул ажратишни режаламоқда. Бу ҳақда Financial Times газетаси хабар қилди.

Нашр қайдича, бу Брюсселнинг Покистон, эҳтимолки Ўзбекистон, Тожикистон ва ҳатто халқаро санкциялар остида бўлган Эронга маблағ бериши мумкинлигини англатади.

Европа Иттифоқига кирувчи 27 та мамлакатнинг ички ишлар вазирлари 31 август куни Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилиш учун ошиғич йиғилиш ўтказишган. Мажлис натижасига кўра ЕИ кенгаши баёнот қабул қилиб, унда кўп миқдорда қочқин қабул қилган учинчи мамлакатларга кўмак миқдорини кўпайтиришга ваъда қилган.

Айни пайтда баёнотда “ўтмишдан чиқарилган сабоқларга асосланган ҳолда” ЕИ аъзолари “назорат қилиб бўлмайдиган кенг кўламли ноқонуний миграция оқимининг такрорланишига йўл қўймаслик” учун биргаликда ҳаракат қилиши айтилган. Кенгаш “Афғонистондаги вазият ЕИ фуқаролари учун янги хавфсизлик таҳдидлари туғдирмаслиги учун” барча имкониятларни ишга солишини билдирган.

Аввалроқ ЕИга аъзо бир неча мамлакат ўтган ҳафтада Суриядаги уруш туфайли 2015 йилда юзага келган миграция буҳрони каби вазият юзага келиши бўйича хавотир изҳор қилгани хусусида хабарлар пайдо бўлган эди.

Жорий ҳафта бошида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий Тошкент Афғонистондан қочқин қабул қилинмаслиги ҳақида баёнот тарқатган.

“Ҳозирда хавфсизликни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон-Афғонистон чегараси тўлиқ ёпилган ва “Термиз” назорат-ўтказиш пунктидан қуруқлик орқали ўтиш амалга оширилмаяпти. Яқин орада Ўзбекистон-Афғонистон чегарасидаги “Термиз” назорат-ўтказиш пунктини очиш кўзда тутилмаган”, дея билдирган ТИВ 30 август куни ёйинлаган хабарномасида.

XS
SM
MD
LG