Ссылки доступа

МБ вакиллари CIBAFI раҳбари билан исломий молиялаштириш истиқболини муҳокама қилишди


Ўзбекистон Марказий банкида куни кеча Ислом банклари ва молия институтлари Бош кенгаши (CIBAFI) Бош котиби Абделил Белатик билан учрашув ўтказилди.

МБ матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур учрашувда томонлар исломий молиялаштиришни жорий этиш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишган.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда анъанавий банкларнинг исломий молия маҳсулотлар бозорига киришга бўлган қизиқиши сезиларли даражада ошган.

Абделил Белатик учрашув якунида Ўзбекистон банк тизимида исломий молиялаштиришни жорий этишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирган.

Ислом тараққиёт банки (ИТБ) ва жаҳоннинг етакчи ислом молиявий институтлари ташаббуси билан ташкил этилган Ислом банклари ва молия институтлари кенгаши (CIBAFI) Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлган халқаро нотижорат ташкилот ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, шу кунларда Ўзбекистон пойтахтида Ислом тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 46-йиллик йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Мазкур йиғилишни 2 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқи билан очиб берган. Анжуман 4 сентябргача давом этиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG