Ссылки доступа

“Ал Жазира”: Кобул аэропортида ички парвозлар қайта тикланади


Афғонистон фуқаро авиацияси вакили “Ал Жазира” телеканалига Кобул аэропорти бугундан яна ишлай бошлашини маълум қилди.

“Ички рейслар 3 сентябрдан тикланади, халқаро рейслар эса кейинроқ”, деган у.

Мамлакатда элликка яқин аэродром мавжуд. Тахминларга кўра, Кобул аэропортида аввало Қандаҳор, Мозори Шариф ҳамда Жалолободга парвозлар тикланади.

Аэропорт фаолиятини янгидан бошлаш учун Қатар ҳукумати 1 сентябрь куни техник ходимлар гуруҳини жўнатган. Доҳа расмийлари Кобул аэропортининг ёпиқлиги жиддий стратегик ва гуманитар муаммоларни келтириб чиқариши мумкин, деб ҳисоблашмоқда.

Туркия ҳам Кобул аэропортини бошқариш ва хавфсизлигини таъминлашда Толибонга кўмаклашишни режалаяпти. Ҳозирда барча авиаширкатлар учоқлари мамлакат ҳаво ҳудудини четлаб учмоқда.

Европа мамлакатлари, жумладан Германия, Ҳолландия ва Буюк Британия аэропорт очилишини ёқлаб чиққан. Шунингдек, БМТ ҳам афғонларга гуманитар ёрдам етказиб беришни ташкил қилиш учун аэропорт очилишини кутмоқда.

Пентагонга кўра, эвакуация якунланиши олдидан Кобул аэропортида ҳарбий мақсадларда қўллаш мумкин бўлган барча техника яроқсиз аҳволга солинган, лекин ўт ўчириш ва юк ортиш машиналарига тегилмаган.

Авиапарвозлар билан бирга пул жўнатиш ҳам қайтадан йўлга қўйилмоқда: Western Union ширкати Афғонистонда яна аҳолига хизмат кўрсатишни бошлаши ҳамда 3 дан 17 сентябргача комиссия тўлови олмаслигини маълум қилган.

XS
SM
MD
LG