Ссылки доступа

Толибон: Хитой Афғонистонни қайта тиклашда «асосий шерик» бўлади


Толибоннинг айтишича, Хитой Афғонистон билан дипломатик алоқаларни сақлаб қолади ва Кобулдаги янги раҳбарият АҚШ бошчилигидаги коалиция кучлари чиқиб кетгандан сўнг иқтисодий ёрдам учун Пекинга таянади.

Толибон матбуот котиби Забиҳулла Мужоҳид 2 сентябрь куни Италиянинг La Rebublica газетасига берган интервьюсида, Хитой иқтисодий инқирознинг олдини олиш ва Афғонистонни қайта тиклашда ҳаракатнинг «асосий шериги» эканлигини айтди.

Мамлакатда ҳокимиятни қўлга киритиш ва Ғарб томонидан қўллаб-қувватланган ҳукумат қулаши ортидан, толиблар анча мўътадил йўл тутишга, баъзи инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ва рақибларига жавоб беришдан тийилишга ваъда берди.

АҚШ ва унинг иттифоқчилари Афғонистондаги дипломатик ваколатхоналарини ёпдилар. Ғарбнинг айтишича, унинг Толибон ҳукуматини тан олиши ва мамлакатга иқтисодий ёрдам кўрсатиши гуруҳнинг ҳаракатларига боғлиқ. Бироқ, Хитой ёрдам ва сиёсий алоқаларни инсон ҳуқуқлари ҳолатига боғлиқ қилиб қўйиши даргумон.

«Хитой — бизнинг асосий шеригимиз ва бизга асосий, ажойиб имкониятни тақдим этади, чунки у мамлакатимизни сармоя киритишга ва қайта қуришга тайёр», деди Мужоҳид нашрга.

Мужоҳид Толибоннинг Пекиндаги «Бир макон, бир йўл» ташаббуси, Хитойнинг глобал инфратузилма лойиҳаси ва ўнлаб мамлакатларда ўзининг иқтисодий ва сиёсий позицияларини мустаҳкамлашга мўлжалланган ресурсларни ривожлантириш режасига қизиқишини қайд этди. «Бизда бой мис конлари бор, улар хитойликлар туфайли модернизация қилинади. Хитой, ниҳоят, биз учун дунё бозорларига чиқиш учун чиптадир», — деди Мужоҳид.

Толибоннинг яна бир расмийси 2 сентябрь куни Хитой Афғонистондаги элчихонасини очиқ сақлашга ва муносабатларни «мустаҳкамлашга» ҳамда гуманитар ёрдамни оширишга ваъда берганини айтди.

XS
SM
MD
LG