Ссылки доступа

Қозоғистонда “Аралтуз” ишчилари бешинчи кун иш ташлашмоқда


Қизилўрда вилоятидаги туз қазиб олувчи “Аралтуз” корхонаси ишчиларининг иш ташлаши бешинчи кун давом этмоқда. 1 сентябрдан бошлаб корхонанинг мингдан ортиқ ходими ишни тўхтатди. Улар маошни камида 50 фоизга оширишни талаб қилмоқда.

Уларнинг сўзларига кўра, охирги марта маош 7 йил олдин кўтарилган. Ўртача маош 48 минг тенгени (тахминан 110 доллар) ташкил қилади. Экологик ноқулай зонада яшаш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда ишчиларга тахминан 80 минг танга (тахминан 185 доллар) маош тўланади.

4 сентябрь, шанба куни завод раҳбарияти ишчилар билан учрашиб, ўз таклифларини айтди, лекин иш ташловчилар уларни рад этишди. Ишчилар юборган видео лавҳаларда кўриб турганингиздек, “Аралтуз” компанияси вице-президенти Ғалимжон Сержанов ишчилар билан учрашди.

- 1 сентябрдан бошлаб иш ҳақини 12,5 фоизга, 1 январдан яна 10 фоизга оширамиз. Учинчидан, йил охиригача тўрт ой қолди. Агар шу вақт мобайнида биз бор кучимизни сарфлаб, режани бажарадиган бўлсак, у ҳолда ҳаммага бонус сифатида 42 500 тенг тўланади», — деди Сержанов.

Ишчилар бу таклифларга кўнмади.

- Биз бунга рози эмасмиз. Иш ташлаш бизнинг талабимиз бажарилмагунча давом этади», — деди исмини айтмасликни сўраган ходим бугун нашримизга.

Аралтуз компанияси Қозоғистонда туз чиқариш ва қайта ишлаш соҳасидаги энг йирик корхона ҳисобланади. У йилига 450 минг тоннага яқин туз ишлаб чиқаради. Маҳсулотнинг 75 фоизи Россия, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Украинага экспорт қилинади. Компанияда 1200 дан ортиқ киши ишлайди. Компания иккита ҳавзадан — Шимолий ва Жанубдан ташкил топган Жаксикилиш конидан фойдаланади. Бу ҳавзаларнинг туз захиралари 16 миллион тоннага, бошқа манбаларга кўра — тахминан 40 миллион тоннага баҳоланмоқда.

Компания веб-сайтида «2021 йил 1 мартдан ”Аралтуз“ АЖ заводининг ишлаб чиқариш ходимлари ўртача иш ҳақи 10 фоизга ошиши» ёзилган. Ишчиларнинг айтишича, завод 2014 йилдан бери иш ҳақи миқдорини қайта кўриб чиқмаган.

XS
SM
MD
LG