Ссылки доступа

Вазир: ўқувчи қизлар рўмол ва дўппида мактабга келиши мумкин


Ўзбекистонда ўқувчи қизлар рўмол ва дўппида мактабга келиши мумкин. Мамлакат Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов бу ҳақда 4 сентябрь куни Тошкентда ўтган очиқ мулоқот чоғида таъкидлади.

2021-2022 ўқув йили ташкил этилишига бағишланган мулоқотда вазир жумладан бундай деди:

“Кўпчилик ота-оналарнинг мурожаатларини инобатга олиб, миллий қадриятларимизни инобатга олган ҳолда, қизларимиз учун истисно тариқасида мактабда оқ ва очиқ рангларда миллий рўмол (бошнинг орқа томонига ўралган ҳолатда) ва дўппида бўлишларига рухсат этилади”, дея маълум қилди вазир.

Вазир ўқувчи қизларнинг рўмол ва дўппида келишларига қандай қонуний асосда руҳсат берилганига тўхталмади.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги 666-сонли қарори билан тасдиқланган Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формасини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 7-бандига кўра ўқувчилар таълим муассасаси биноси ичида бош кийимсиз юришлари лозимлиги айтилган.

Айни қарор асосида рўмолли ўқувчиларнинг мактабга киритилмагани диндор оилаларнинг норозилигига сабаб бўлганди.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ўшанда бу танқидларга шундай жавоб қилган эди.

"Кўп одамлар рўмол ва ҳижоб ҳақида гапирмоқда. Бироқ бу бизнинг айни вақтдаги асосий мақсадимиз эмас. Асосий мақсадимиз - яхши таълим-тарбия кўрган авлодни тайёрлаш. Одамларнинг аксарияти иккиламчи масалалар юзасидан хавотирланиш билан банд бўлиб қолмоқда".

Озодлик билан суҳбатда бўлган ота-оналар ўқувчиларни ягона форма кийиш ва одоб-аҳлоқ қоидаларига кўндириш дарсларнинг мунтазам бўлинишига ҳам сабаб бўлаётгани ва таълим сифатига ёмон таъсир қилаётганини айтишган.

Ўзбекистонда янги ўқув йили 6 сентябр кунидан бошланади.

XS
SM
MD
LG