Бу Ставрополдаги қўй юнги савдоси билан шуғулланувчи “Вулинтертрейд” ширкатининг даъвоси бўйича таъминот чорасидир, дейилган суднинг 3 сентябрь куни чиқарган қарорида.
Июнь ойида “Вулинтертрейд” рекорд даражада қисқа муддатда “Умное голосование” савдо белгисини рўйхатдан ўтказган – у сиёсатчи Алексей Навальний лойиҳаси номи билан бир хил.
Мухолифатчининг сафдоши Иван Жданов Ҳакамлар суди қарорини ноқонуний деб атаган.
“Президент администрациясидагилар тил бириктириб, ўзларича шу йўл билан Гуглни алдашмоқчи: бу ерда ҳеч қанақа сиёсат йўқ, оддий хўжалик низоси ва уни мустақил қарор чиқариб ҳал қилган ҳакамлар суди бор, дея ўзларини гўлликка солишяпти”, деб ёзган сиёсатчи.
“Умное голосование” лойиҳаси 2018 йилда Санкт-Петербург губернатори ва Москва шаҳри думаси сайловлари олдидан пайдо бўлган. Мухолифатчи Алексей Навальний лойиҳасининг асосий мақсади “Единая Россия” партиясига алоқаси бўлмаган номзодларни дастаклашдир.
Бир неча ой аввал “Умное голосование” базасидаги Навальний тарафдорларининг шахсий маълумотлари интернетга сиздирилган эди. Августда ушбу маълумотларда кўрсатилган фуқароларнинг уйларига полиция борганлиги хабар қилинган.
Аввалроқ суд Навальнийга алоқадор тузилмаларни экстремистик ташкилотлар деб топиб, Россияда улар фаолиятини тақиқлаган. Давлат Думаси эса экстремистик деб топилган бирлашмалар тарафдорларини сайловларда ўз номзодини қўйиш ҳуқуқидан маҳрум қилувчи қонун қабул қилган.