Ссылки доступа

Германия Россияни “ноқонуний киберфаолиятни тўхтатиш”га чақирди


Германия махсус хизматлари Россияга алоқадорлиги тахмин қилинаётган ҳакерлар фаоллиги ошганини қайд этишди, дея баёнот берди ГФР ТИВ матбуот котиби Андреа Зассе.

Suddeutsche Zeitung нашрининг хабар қилишича, шу муносабат билан “Германия ҳукумати Россия расмийларини дарҳол ушбу ноқонуний киберфаолиятни тўхтатишга чақирган”.

Ҳужумлар хавфи ҳақида бошқа идоралар – Конституция ҳимояси бўйича федерал бошқарма (аксилразведка вазифаларини бажаради) ва Ахборот хавфсизлиги бўйича федерал бошқарма ҳам огоҳлантирган. Уларнинг маълумотига кўра, сўнгги пайтларда ҳакерлар парламент аъзоларининг шахсий ва хизмат почта манзилларига ҳужум қилишмоқда.

Разведка идоралари ҳакерлар олинган маълумотларни шахсий ва интим ахборот ёки фейк янгилик чоп этишда қўллаши мумкинлигидан огоҳлантирган.

“Ҳужумлар ортида Ghostwriter ҳакерлар гуруҳи, Россия давлати киберакторлари ва, хусусан, Россия ҳарбий разведкаси (ГРУ) тургани ҳақида федерал ҳукуматда ишончли маълумотлар бор”, дея қайд этган Зассе.

АҚШнинг киберхавфсизлик соҳасига ихтисослашган FireEye ширкатига кўра, Ghostwriter камида 2017 йилдан бери мавжуд бўлиб, “Россия хавфсизлиги учун ишлайди”. Гуруҳ асосан Литва, Латвия ва Польша аҳолисининг бу ҳудудда жойлашган НАТО кучларига муносабатини ўзгартиришга қаратилган сохта маълумотлар тарқатиш билан шуғулланади.

2020 йил май ойида Германия канцлери Ангела Меркель Россиянинг 2015 йили немис парламенти тизимига уюштирилган киберҳужумга алоқадорлигига доир далиллар мавжудлигини айтган эди.

Ўшанда Бундестаг компьютерларига Троя дастури киритилган ва ҳакерлар бир қанча ички ҳужжатларни қўлга киритишга муваффақ бўлганди. ГФР прокуратураси россиялик Дмитрий Бадиннинг қамоққа олинишига ордер берган. Spiegel журнали ушбу ҳужум ортида Россия ҳукумати томонидан молияланадиган Sofacy ва APT28 ҳакерлик гуруҳлари турганини ёзган эди.

XS
SM
MD
LG