Ссылки доступа

Тожикистон президенти минтақада террорчилик хавфининг кучайиб бораётганидан хавотирда


7 сентябрь тонгида Душанбеда Тожикистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган ҳарбий парад бўлиб ўтди.

Расмий маълумотларга кўра, унда 30 минг ҳарбий ва ҳуқуқ-тартибот ходимлари қатнашган. Парад 7 сентябрь куни эрталаб Рудакий проспектида бошланди ва 9:30 гача давом этди. Бунинг учун Душанбедаги марказий йўллар тўсиб қўйилди, бу эса пойтахтнинг баъзи аҳолисига ноқулайлик туғдирди.

Бир томондан, ҳарбий парадлар пойтахт аҳолисига муаммо туғдиради. Айниқса, ишга ёки ўқишга бориш учун Душанбе марказий кўчаларида ҳайдашга мажбур бўлганлар учун. Охирги ўн кун ичида, Рудакий проспектидаги параднинг такрорий машғулоти муносабати билан, кечқурун чекловлар қўйилди, бу эса қўшни йўлларда тирбандликни келтириб чиқарди.

Президент Имомали Раҳмон парад иштирокчиларини Мустақиллик куни билан табриклаб, «террористик, экстремистик ва радикал оқимлар ва ташкилотлар фаоллигининг кенгайиши муносабати билан минтақадаги ва дунёдаги вазият аҳолини жиддий ташвишга солмоқда», деди.

Президент Раҳмоннинг минтақада террорчилик таҳдиди кучаяётгани ҳақидаги сўзлари Афғонистонда толиблар ҳокимиятни қўлга киритгандан кейин янгради. Бироқ, Тожикистон президенти ўз чиқишида Афғонистон ҳақида гапирмади.

9 сентябрь куни Тожикистон мустақиллигининг 30 йиллигини нишонлайди. Кутилишича, ўша куни Душанбе марказида 45 минг ўқувчи, талаба ва ҳукумат амалдорлари иштирокида яна бир байрам тадбири ўтказилади.

Тожикистон 1991 йил 9 сентябрда Совет Иттифоқидан ажралиб, ўз мустақиллигини эълон қилди.

XS
SM
MD
LG