Ссылки доступа

Ашхободда аҳолига озиқ-овқат рационини етказиб бериш камайиши ҳақида огоҳлантирилди


Очередь у продовольственного магазина, Ашхабад
Очередь у продовольственного магазина, Ашхабад

Ашхободда 20 кунлик танаффусдан сўнг, айрим туманлар аҳолисига айрим турдаги субсидияли озиқ-овқат етказиб берилди.

Шу билан бирга, расмийлар бундан олдин ҳар 10 кунда етказиб бериладиган субсидияли маҳсулотларнинг навбатдаги рациони келгуси ойда келишини огоҳлантирди. Бу ҳақда «Азатлик» радиоси мухбири Туркманистон пойтахтидан хабар берди.

Мухбирнинг ёзишича, 6 сентябрь куни айрим туманлар аҳолисига оила аъзоларининг сонидан қатъий назар, бир литр ўсимлик ёғи, бир килограмм шакар ва битта музлатилган товуқ берилган.

Ўша куни Багтярлик, Беркарарлик, Копетдаг ва Бузмеин этраплари аҳолиси бу маҳсулотларни субсидияланган нархларда сотиб олишди.

«Бу озиқ-овқат рациони учун аҳоли 65 манатдан тўлаган. Кўриниб турибдики, товуқ музлашдан олдин сув билан тўлдирилган. Ҳар бир товуқ 250 граммга яқин муздан иборат эди», — деди исми сир қолишини истаган пойтахтликлардан бири мухбиримизга.

Мухбиримизнинг қайд этишича, хусусий савдогарлар учун бу маҳсулотларнинг умумий қиймати 163 манатни ташкил қилади. Унга кўра, 7 сентябрь куни пойтахт бозорларида ўсимлик ёғининг бир литри 65 манатдан, бир килограмм шакар 23 манатдан, музлатилган товуқ 75 манатдан сотилган.

Мухбирнинг хабар беришича, давлат дўконлари ходимлари аҳолини «сентябрь ойидан бошлаб субсидияли озиқ-овқат ҳар ойда бир марта тарқатилади» деб огоҳлантирган ва улар 6 октабргача навбатдаги озиқ-овқат рационини кутишмайди.

Эслатиб ўтамиз, шаҳар ҳокимияти бутун мамлакат бўйлаб одатий ҳолга айланган озиқ-овқат маҳсулотларини яширишга уриниб, май ойидан бошлаб Ашхободнинг турар жойларига рацион етказиб беришни ташкил қилган. Дастлаб, озиқ-овқат маҳсулотларини ҳафталик етказиб бериш нияти бор эди, лекин охир-оқибат рацион ҳар ойда уч марта — ҳар 10 кунда берила бошлади.

2 сентябрь куни пойтахтлик мухбиримиз хабар беришича, Парахат микрорайонлари, шунингдек, 11 ва 30 микрорайонлар аҳолиси август ойининг охирги ўн кунлигида ўз рационини олмаган.

«Ҳозир расмийлар аҳолига озиқ-овқат рационини уч мартадан бир мартагача етказиб бериш частотасини қисқартиришди. Шундай қилиб, маҳсулотлар сони ҳам камаяди. Энди аҳоли Мустақиллик байрамини битта товуқ, бир литр сариёғ ва бир килограмм шакар билан нишонлашлари керак бўлади», — дейди Ашхободликлардан бири.

Туркманистон ҳукумати аҳоли учун озиқ-овқат рационининг субсидияланишининг камайиши сабаблари ҳақида ҳеч қандай изоҳ бермайди. Аммо мухбиримизнинг хабардор манбаси «расмийлар субсидияли маҳсулотлар миқдорини камайтириш орқали аҳолини бозор нархига ўрганишга ҳаракат қилмоқда», деб айтди.

Туркманистон тўрт йилдан ошиқ вақт мобайнида юқори ишсизлик, озиқ-овқат танқислиги ва нархларнинг кўтарилиши билан боғлиқ иқтисодий қийинчиликларни бошдан кечирмоқда. Бундай шароитда мамлакат аҳолисининг катта қисми субсидияланган озиқ-овқатга боғлиқ.

XS
SM
MD
LG