Ссылки доступа

Ноябрь ойигача эмловдан ўтган талабаларга контракт тўлови бўйича 10 фоиз чегирма берилади


Ўзбекистонда олий таълим муассасаларининг кундузги бўлимларида ўқийдиган ва жорий йилнинг 1 ноябрига қадар коронавирус инфекциясига қарши эмланган талабаларга 2021/2022-ўқув йили учун белгиланган стипендиясиз базавий тўлов-контракт миқдорларига 10 фоиз чегирма берилади.

Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, куни кеча 2021/2022 ўқув йили учун ОТМларда таълим йўналишлари бўйича битта талабани тўлов-контракт шаклида бир йиллик ўқитиш қиймати миқдорлари тасдиқланган.

Вазирлик бу чора пандемия шароитида республика аҳолисининг тўлов қобилияти пасайганлигини ҳисобга олиб, фарзанди тўлов-контракт асосида ўқийдиган оилаларга енгиллик яратиш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида истисно тариқасида қабул қилинаётганини урғулаган.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги илова қилган қиёсий жадвалда 10 фоиз бонусли (енгиллаштирилган) базавий тўлов-контракт миқдорининг 2020/2021 ўқув йили учун белгиланган базавий тўлов-контракт миқдорига тенг эканини кўриш мумкин.

XS
SM
MD
LG