Ссылки доступа

Тожикистон Ташқи ишлар вазири Панжшердаги ҳужумларда учинчи давлатларни Толибонни қўллаб-қувватлашда айблади


Сироджиддин Мухриддин

Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин 8 сентябрь куни Афғонистон бўйича виртуал йиғилишда қатнашди ва у ерда Панжшер вилоятидаги «Толибон» радикал гуруҳининг ҳаракатларини танқид қилди.

Бу учрашув АҚШ ва Германия ташаббуси билан бўлиб ўтди ва унда бир қатор давлатлар, жумладан, Тожикистон, Покистон, Саудия Арабистони, Туркия, Буюк Британия ташқи ишлар вазирлари ҳамда ЕИ, НАТО ва БМТ раҳбарлари иштирок этди.

Панжшерда давом этаётган жанговар ҳаракатлар масаласига тўхталиб, Тожикистон Ташқи ишлар вазири Толибон учинчи давлатлар ёрдамида Панжшерга ҳужумларда самолётлардан фойдалангани, кўп сонли тожикистонликларни ўлдирганини қўшимча қилди. Бироқ, у бу давлатларнинг номини айтмади.

Аввалроқ ҳинд матбуоти Покистоннинг Панжшер дарасида Толибон ҳужуми пайтида Покистоннинг ҳужум вертолётлари ва дронлари Миллий қаршилик фронти позицияларига ҳужум қилгани ҳақида хабар тарқатган эди. Афғонистоннинг кўплаб шаҳарларида Покистонга қарши намойишлар бўлиб ўтди.

Шу билан бирга, Покистон армияси вакили Покистон дронлари Панжшерга ҳужум қилгани ҳақидаги даъволарни рад этди.

Тожикистон Ташқи ишлар вазири халқаро ҳамжамиятни Толибонга таъсир ўтказишга ва ҳозирги инқирозни сиёсий йўл билан ҳал қилишга ёрдам беришга чақирди. Жаҳон ҳамжамияти 20 йил давомида Афғонистонда тартибни тиклай олмади ва бу мамлакатда ўн минглаб террорчиларни мерос сифатида қолдирди.

Август ойининг ўрталарида толиблар тезкор ҳужумда бутун Афғонистон ҳудудини назорат остига олиб, пойтахт ва энг йирик Кобул шаҳрини жангсиз эгаллаб олди. Шу пайтгача радикаллар мамлакат ҳукумати билан коалицион ҳукумат тузиш бўйича музокараларда қатнашган.

Ҳокимият қўлга киритилгандан сўнг, ҳаракат вакиллари уларга коалициялар керак эмаслигини ва ўзлари ҳукумат тузишларини айтишди. Афғонистон Исломий Амирлик деб эълон қилинди, дунёвий ҳукумат диний назорат остида бўлади.

8 сентябрь куни Толибон мамлакатнинг янги ҳукумати таркибини эълон қилди. Деярли барча асосий вазирликлар радикал ҳаракат вакиллари ўртасида тақсимланган. Толибоннинг 60 ёшли раҳбари Хайбатуллоҳ Охундзод давлатнинг олий раҳбари деб эълон қилинди.

Ҳозирча ҳеч бир давлат Толибон ҳукуматини расман тан олмаган, бироқ бир қанча давлатлар, жумладан Ўзбекистон ҳам унинг тузилишини олқишлаган.

«Умид қиламизки, бу қарор кенг миллий келишувга эришишга, бу мамлакатда тинчлик ва барқарорликни ўрнатишга олиб келади», — дейилади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг 8 Сентябрда эълон қилинган баёнотида. Ўзбекистон «Афғонистоннинг янги давлат органлари билан конструктив мулоқот ва амалий ҳамкорликни ривожлантиришга» тайёрлигини билдирди.

«Тожикистон барча этник гуруҳлар иштирокидаги инклюзив ҳукуматни қўллаб-қувватлайди, бунда Афғонистон тожиклари муносиб ўрин эгаллайди», — таъкидлади Сирожиддин Муҳриддин.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари ўша куни Покистон ташаббуси билан ташкил этилган бошқа онлайн учрашувда «биз референдумсиз тузилган ҳукуматни ва барча этник гуруҳларнинг вакилларини тан олмаймиз», деди. Бу Афғонистонга қўшни давлатлар — Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Покистон, Эрон ва Хитой ташқи ишлар вазирларининг виртуал форматдаги биринчи учрашуви эди.

Янги Афғонистон Вазирлар Маҳкамасининг кўплаб юқори лавозимли амалдорлари БМТнинг санкциялар рўйхатига киритилган. Масалан, БМТнинг қора рўйхатига кирган мулла Муҳаммад Ҳасан Охунд янги ҳукумат тузилишини бошқарган. Вазирлар маҳкамасининг яна бир аъзоси Сиражуддин Ҳаққоний АҚШ террорчилик ташкилотлари рўйхатига киритган гуруҳни бошқаради. Шунингдек, у Федерал қидирув бюросининг қидирувчилар рўйхатига киритилган.

Айни пайтда, сўнгги кунларда Афғонистоннинг кўплаб шаҳарларида Покистон ва Толибонга қарши намойишлар бўлиб ўтди. Бир неча бор Толибон жангчилари намойишчиларни тарқатиш учун кўз ёшартувчи газ ишлатган ва ҳавога ўқ узган.

XS
SM
MD
LG