Мирзиёев сайловолди нутқида ўзининг биринчи муддатини сарҳисоб қилди ва 24 октябрдан бошланиши кутилаётган иккинчи муддати режаларини эълон қилди.
"Халқ бизга ишонди. Энди у биздан янги режа ва дастурларни кутмоқда", деди президент.
Мирзиёевнинг иккинчи муддат президентлиги учун эълон қилган сайловолди дастуридаги масалалар беш йил олдинги муаммолар билан бир хил. Булар - электр энергияси, интернет тезлиги, аҳоли даромадлари, соғлиқ ва таълим тизимини яхшилаш, атроф-муҳит муҳофазаси ва ҳ.к.
Айни пайтда таҳлилчилар жамиятда Мирзиёев ислоҳотларидан кутишлар беш йил олдингидан пасайгани ва ўз ўрнида президентнинг иккинчи муддат учун ваъдалари ҳам бир қадар мўътадиллашганига эътибор қаратмоқда.
Жумладан, Мирзиёев ўз чиқишида "ўқитувчиларнинг ойлигини 1000 доллар қиламиз" каби олдинги ваъдаларидан фарқли "ўқитувчиларни муносиб иш ҳақи" билан таъминлаш ҳақида гапирди.
Унинг "ҳокимларни ҳам сайлаймиз" деган беш йил олдинги ваъдаси эса ҳокимликка номзодларни маҳаллий кенгашларда энг кўп ўринларни олган партиялардан кўрсатиш таклифига ўзгарди.
Президент берган барча ваъдалар муҳлати - 2026 йил. Шу йили Мирзиёевнинг иккинчи, Конституцияга мувофиқ охирги муддати ниҳоясига етади. Аммо президент эълон қилган баъзи режалар, масалан, жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажмини 1,6 баробар ошириб, 4000 АҚШ долларига етказиш режаси бу муддат билан чекланмаган.
Президент Мирзиёевнинг номзодини президентликка кўрсатган ЎзЛиДеп қурултойи арафасида Ўзбекистондаги бошқа партиялар ўз номзодларини кўрсатиб бўлган.
8 сентябрь куни “Адолат” социал-демократик партияси Баҳром Абдуҳалимовни, август ойида Экологик партия Нарзулла Обломуродовни, “Миллий тикланиш” партияси Алишер Қодировни, Халқ-демократик партияси эса Мақсуда Ворисовани президентликка номзод сифатида кўрсатган.
Мазкур партияларнинг ҳаммаси иқтидордаги ҳукумат сиёсатини дастакловчи ташкилотлар ўлароқ кўрилади.
Мухолифатдаги партияларга эса бу сафар ҳам сайловда қатнашиш учун имкон берилмаган.
Ўзбекистонда президент сайлови 24 октябрь куни бўлиб ўтиши кутилмоқда.