Ссылки доступа

ЕИ регулятори Спутник V вакцинаси қачон рўйхатга олиниши ҳозирча аниқ эмаслигини билдирди


Дори-дармонлар бўйича Европа агентлиги Россиянинг коронавирусга қарши Спутник V ҳамда Хитойнинг Sinovac вакциналари Европа Иттифоқи томонидан қачон маъқулланишини айта олмайди. Бу ҳақда Амстердамда ўтказилган матбуот анжуманида регулятор вакили маълум қилган.

Айни пайтда агентлик вакили вакциналар ишлаб чиқарувчилар билан олиб борилаётган музокараларни “самарали” деб атаган.

Регулятор Спутник V ва Sinovac’дан ташқари, Германиянинг CureVac, Американинг NovaVax ҳамда Франциянинг Vidprevtyn вакциналарини ҳам экспертизадан ўтказмоқда.

Ҳозирда Европа Иттифоқида аҳолини коронавирусга қарши эмлашда Pfizer/BioNTech, Moderna, AstraZeneca ва Johnson&Johnson препаратлари қўлланмоқда. Pfizer/BioNTech билан Moderna 12 ёшдан катта болаларни эмлаш учун тавсия қилинган.

Спутник V вакцинасини чет элга экспорт қилиш билан шуғулланувчи Россия тўғридан-тўғри инвестициялар фонди йил охирига қадар дунё мамлакатлари COVID-19 га қарши вакциналарни ўзаро тан олишини тахмин қилмоқда.

Бу орада Европа регулятори 9 сентябрь куни Pfizer/BioNTech ишлаб чиқариш қувватларининг оширилишига розилик берган. Фармацевтика ширкати йил охиригача қўшимча 50 миллион доза вакцина ишлаб чиқариши кутилмоқда.

Россиянинг Спутник V вакцинаси ЕИга аъзо давлатлардан фақат иккитасида – Венгрия ва Словакияда расман маъқулланган.

XS
SM
MD
LG