Ссылки доступа

“Малика” савдо мажмуаси олдида пичоқбозлик туфайли бир киши нобуд бўлди


Тошкентдаги “Малика” савдо мажмуасида ишлайдиган шахслар ўртасида шу йилнинг 12 сентябрь куни юзага келган можаро туфайли бир киши вафот этди.

Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси маълумотига кўра, мазкур жанжал якшанба куни сота 12 лар атрофида савдо мажмуасида телефон савдоси билан шуғулланувчи бир неча фуқаро ўртасида юзага келган.

“Жанжал натижасида 1977 йилда туғилган Т. Б. кўкрак қафаси соҳасида санчилиб кесилган жароҳатлари билан вафот этган. Шунингдек, 1988 йилда туғилган М. А. бир неча жойидан санчилиб кесилган жароҳатлари билан тиббиёт муассасасига олиб борилган”, дейилган ИИББ хабарномасида.

Тартиб посбонлари қайдича, жиноятни содир этишда гумонланаётганларни аниқлаш ҳамда жиноят гувоҳлари билан тергов ҳаракатларини амалга ошириш учун жанжалда иштирок этганларнинг барчаси ички ишлар бўлимига олиб борилган.

ИИББ ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан мамлакат Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (“Қасддан одам ўлдириш”) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини қўшимча қилган.

XS
SM
MD
LG