Ссылки доступа

USAID раҳбари Саманта Пауэр Ўзбекистонга ташриф буюриш режасини очиқлади


Саманта Пауэр (архив сурати)

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) администратори Саманта Пауэр яқин келажакда Ўзбекистонга ташриф буюрмоқчи. Бу ҳақда мулозиманинг ўзи Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб ўтган ҳафта Вашингтонда ўтказилган маросимда маълум қилган.

Пауэр ўз сўзида Ўзбекистонга бирор марта бормагани, бироқ ота-онаси унинг болалик чоғида бу мамлакатга саёҳат қилишгани ва ўша сафардан олган таассуротларини унга завқланиб айтиб беришганини эслаган.

“Шунча илиқ тасаввурлар билан мен Ўзбекистонга сафар қилишни энди кечиктирмаслигим керак, деган ўйдаман”, деган шу йилнинг май ойидан эътиборан USAIDга раҳбарлик қила бошлаган С. Пауэр.

Мулозима ўз сўзида USAID минтақадаги савдо-сотиқни янада яхшилаш, бюрократик тўсиқларга барҳам бериш, чет эллик сармоядорларни мамлакатга жалб этишга қаратилган ислоҳотларни илгари суриш учун Ўзбекистон ҳукумати билан ишлашда давом этаётганини қўшимча қилган.

Касбий фаолиятини ҳарбий мухбирликдан бошлаган Саманта Пауэр АҚШда кўплаб юксак лавозимларда ишлаган, хусусан, 2013−2017 йилларда у АҚШнинг БМТдаги доимий вакили вазифасида ишлаган эди.

XS
SM
MD
LG