Ссылки доступа

Ўзбекистон Ўшдаги Бобур театри реконструкцияси учун 5 миллион доллар йўналтирмоқчи


Лойиҳа кўра, Ўшдаги Бобур театри келажакда шундай кўринишга эга бўлади
Лойиҳа кўра, Ўшдаги Бобур театри келажакда шундай кўринишга эга бўлади

Қирғизистон жанубида 13 сентябрь куни Бобур номли Ўш Давлат академик ўзбек мусиқали драма театрининг тўла реконструкция қилиш ишлари бошлаб юборилган. Бу ҳақда Ўш шаҳар мэрияси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, театрда қайта қуриш ишлари бошланиши билан у ерга вице-мэр Жасур Азимов бошчилигидаги расмийлардан иборат комиссия бориб, қилинаётган ишлар билан танишган.

Театр реконструкцияси икки томонлама ижтимоий-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида эришилган келишувларга биноан бошлангани айтилмоқда.

Театрда қайта қуриш ишлари, режага мувофиқ, кейинги йил бошларида якунланиши кутиляпти. Умумий қиймати 5 миллион долларга баҳоланаётган реконструкциядан кейин, тақдим этилган лойиҳага кўра, театр биносининг ташқи кўриниши тўлалигича ўзгаради.

Ўшдаги ўзбек театри Марказий Осиёда очилган илк театрлардан бири бўлиб ҳисобланади. 1918 йили очилган (баъзи манбаларга кўра, 1914 йилда асос солинган) бу маданият масканига 2004 йилда “академик театр” мақоми берилган.

Аввалроқ Қашқадарё вилоят мусиқали драма театри биносининг “капитал таъмирдан сўнг” очилиш маросими бўлиб ўтгани ҳақида хабар қилинган. Айрим нашрлар мазкур таъмирга 10 миллиард сўмга яқин пул сарфлангани, бошқалари эса, вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотга таянган ҳолда, 17 миллиард сўм харжланганини ёзиб чиқишган.

XS
SM
MD
LG