Ссылки доступа

Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг бир қисмини сув билан таъминловчи Тўқтўғулда сув озлигича қолмоқда


Қирғизистондаги Тўқтўғул сув омборида сув ҳажми ўтган йилга нисбатан 2 миллиард 900 миллион кубометрга оз бўлмоқда. Бу ҳақда Бишкекда ўтган матбуот анжуманида энергетика ва саноат вазири ўринбосари Тилек Айталиев билдирди.

Унга кўра, айни пайтда сув омборини тўлдириш мақсадида Тўқтўғул ГЭСида электр қуввати ишлаб чиқариш камайтирилди ва Бишкек иссиқлик станцияси кучайтирилган тарзда ишлашга ўтказилди.

Билдирилишича, Тўқтўғулда сув озлиги сабабли Бишкек иссиқлик станциясида 1,3 миллиард кВт соат электр энергияси ишлаб чиқилди. Бу ўтган йилдагига нисбатан 20-30 фоизга кўпдир.

Вазир ўринбосари Тўқтўғул омборига сув тўлдириш мақсадида Қирғизистон куз-қиш мавсумида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистондан электр энергияси сотиб олишини билдирди.

Айни пайтда Тўқтўғулга 12,1 миллиард кубометр сув йиғилган. 2020 йилда бу кўрсаткич 15,2 миллиард кубометр бўлган.

XS
SM
MD
LG