Ссылки доступа

Душанбедаги КХШТ саммити ёпиқ эшиклар ортида ўтмоқда


Душанбеда, 16 сентябрь пайшанба куни Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига (КХШТ) аъзо давлатлар раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтмоқда. Учрашувда Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон президентлари, Арманистон бош вазири ва Россия ташқи ишлар вазири иштирок этмоқда.

Учрашув бошида Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон қисқа кириш сўзини айтиб, КХШТ доирасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ҳақида гапирди. Шундан сўнг, журналистлар йиғилиш залидан чиқарилди ва учрашув ёпиқ эшиклар ортида давом этди.

Мавжуд маълумотларга кўра, Афғонистондаги вазият саммитнинг асосий мавзуларидан биридир.

Кутилишича, КХШТга аъзо давлатлар раҳбарларининг учрашуви 16 сентябрь куни тушгача давом этади, сўнгра оммавий ахборот воситалари учун брифинг ўтказилади.

КХШТ саммити Афғонистонда толиблар ҳокимиятга келган пайтда ўтказилмоқда. 17 сентябрь, жума куни Душанбеда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтади. Шунингдек, КХШТ ва ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари билан Афғонистондаги вазият бўйича махсус учрашув режалаштирилган.

Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ) 1992 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирда Арманистон, Беларус, Россия, Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистонни ўз ичига олади. КХШТ «минтақада ва бутун дунёда тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, аъзо давлатларнинг мустақиллиги, ҳудудий яхлитлигини биргаликда ҳимоя қилиш» мақсадида тузилган, бироқ ташкилот Россия таъсири остида деб ишонилади.

XS
SM
MD
LG