Ссылки доступа

Қўқонлик блогер касалхонада вафот этди, яқинлари унинг заҳарланганини иддао қилишмоқда


Кокандский блогер Икбол Камилджанов. Фото из соцсетей.

Қўқонда маҳаллий муаммоларни ёритиб борган блогер, Facebook тармоғидаги “Қўқонжоним” гуруҳи маъмурларидан бири Иқбол Комилжонов 15 сентябрь касалхонада жон берган. Бу ҳақда Фарғона вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Ҳусан Мамажонов маълум қилди.

И. Комилжонов 7 сентябрь куни оғир аҳволда шифохонага келиши билан жонлантириш бўлимига олинганини урғулаган мулозим беморга икки томонлама пневмония, қандли диабетнинг 2-тури, юрак ишемик касаллигининг иккинчи тури ҳамда нафас ва қон айланиш тизимининг бузилиши ташхиси қўйилганини билдирган.

Яқинларининг кўра, қорин оғриғидан шикоят қилган блогер аввалги сешанба куни касалхонага ўз оёғи билан юриб борган, кечаси эса аҳволи оғирлашиб қолгани учун уни реанимацияга олишган.

“Эртасига заҳарланишга ўхшаяпти, дейишди. Кейинги куни эса шифокор чиқиб, укам коронавирус бўлганини, сатурацияси 60 га тушиб кетганини айтди. Лекин ўша куни топширган таҳлилларида коронавирус аниқланмади. Шифохонага олиб келганимизда ҳам укамда на йўтал, на иситма, на оғриқ бор эди. COVID-19 ёки пневмониянинг бирорта белгиси йўқ эди”, дея иқтибос келтирган блогернинг опаси Шоира Комилжонова сўзларидан “Дарё” нашри.

Фарғона вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Одил Умаров нашрга блогернинг саломатлиги билан боғлиқ ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарлар мутлақо асоссизлиги, беморда заҳарланиш аломатлари бўлмаганини билдирган.

“Беморнинг яқинлари заҳарланмаганми, деган масалани қўйяпти. Экспертиза ўтказиб беринглар, дейишяпти. Беморда қандли диабет хасталиги бўлган. Қолаверса, у яқинда коронавирус бўлган экан. Инфекция ўпкага ўтиб, икки томонлама пневмония ривожланган. Танадаги барча хасталиклар бирлашиб, бош мияга ишемия берган. Бу бош мия қон айланишининг ўткир бузилишини келтириб чиқаради. Тананинг баъзи аъзоларида чириш бошланган. Ана шу чиришнинг орқасидан заҳар чиққан. Яъни касаллик организмни заҳарлаяпти. Бу ички заҳарланиш, у ташқаридан тушмаган”, деган тиббиёт маркази шифокори Элмурод Йўлчиев.

Аввалроқ Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Фарғона вилоят бошқармаси раҳбари Шоҳидбек Аслонов вилоят ҳокимининг ўринбосари Ф.Қосимов билан бирга Иқбол Комилжоновнинг ҳолидан хабар олиш учун касалхонага боргани, уларга блогернинг заҳарлангани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалаётган маълумотлар мутлақо асоссизлиги билдирилганини маълум қилганди. Мулозимга кўра, блогернинг самарали меҳнатлари инобатга олиниб, у яқинда “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланган. Ш. Аслонов И. Комилжоновнинг “Энг улуғ, энг азиз” танловининг вилоят босқичида “Энг фаол ижтимоий тармоқ гуруҳи администратори” деб топилганини ҳам қўшимча қилган.

Бу орада Ўзбекистон Бош прокурорининг матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов блогер Иқболжон Комилжонов вафоти бўйича Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув олиб борилаётганини маълум қилган. БП расмийсига кўра, марҳумнинг ўлим сабабларини аниқлаш юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

XS
SM
MD
LG