Ссылки доступа

"Малика" бозорида яна рейдлар, Тошкент ИИББ бу соқолга қарши тадбир эмаслигини билдирди


Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси "Малика" савдо мажмуасида хавфсизлик хизматининг махсус ходимлари юргани акс этган видео юзасидан изоҳ берди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода савдо мажмуасида ниқобли махсус кучлар юргани кўринади.

"Малика" савдо мажмуасидаги баъзи савдогарлар профилактик суҳбат чоғида хавфсизлик ходимлари соқолини олишга мажбурлаганини айтишган.

"Бизни ҳудди жиноятчидай Шайхонтоҳур РОВДсига олиб бориб соқолимизни олишди", - деган савдогарлардан бири.

Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати пойтахтдаги "Малика" савдо мажмуасида профилактик тадбир ўтказилганини тасдиқлади.

"Шайхонтоҳур туманида Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан "Хавфсиз шаҳар" концепцияси ижроси доирасида ҳамда жамоат тартибини таъминлаш, жиноятларнинг олдини олиш, гиёҳвандлик воситаларининг тарқалишига барҳам бериш мақсадида профилактик тадбирлар ўтказилмоқда", - дейилади Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати билдирувида.

Тошкент шаҳар ИИББнинг мулозими рейдлар "соқол"га қарши ўтказилмаганини айтди.

Бу "Малика" бозоридаги биринчи профилактик тадбир эмас.

Икки йил аввал Тошкентда жума намозидан сўнг ички ишлар ходимлари “Малика” савдо мажмуасида ўнлаб соқолли эркакларни тутиб олиб кетиб, соқолини олишга мажбурлагани норозиликларга сабаб бўлган ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан танқид қилинган эди.

XS
SM
MD
LG