Ссылки доступа

Миллий қаршилик жабҳаси: Аҳмад Масъуд Афғонистонда, хавфсиз бир жойда


AFGHANISTAN -- Ahmad Masud, son of the slain hero of the anti-Soviet resistance Ahmad Shah Masud, waves as he arrives to attend a new political movement in Bazarak, Panjshir province, September 5, 2019

Миллий қаршилик кучлари етакчиси Аҳмад Масъуд айни пайтда Афғонистоннинг ўзида ва хавфсиз жойда. Бу ҳақда Афғонистон миллий қаршилик жабҳаси вакили Али Майсам Назарий Би-би-сининг форс хизматига маълум қилган. Аммо у исёнчилар раҳбари айнан қаердалигини очиқламаган.

Аҳмад Масъуд бир неча кундан бери оммага кўриниш бермаяпти. Толибоннинг Панжширга кенг кўламли ҳужумидан сўнг бир нечта аудиохабар эълон қилинган эди. Назарийга кўра, МҚЖ етакчисининг макони хавфсизлик нуқтаи назаридан сир тутилмоқда.

Хавфсизлик чоралари қаршилик кучлари матбуот котиби Фаҳим Даштий ўлдирилганидан сўнг қабул қилинган: айтилишича, унинг мобил телефони сигнали тутилиб, олинган координатларга ракета орқали зарба берилган.

Назарий Би-би-сига интервьюсида Панжшир вилоятининг аксари ҳудудлари ҳануз исёнчилар назоратида эканини ҳам билдирган. 6 сентябрь куни толиблар Панжшир ишғол этилганини эълон қилишган эди. Бироқ, Али Майсам Назарийнинг айтишича, Толибон фақат умумий йўлни назорат қилмоқда, қолган ҳудудлар эса Аҳмад Масъуд кучлари назорати остида.

Панжшир Афғонистоннинг толибларга қаршилик кўрсатишда давом этаётган ягона вилоятидир. Сўнгги ҳафталарда вилоятда вазият ёмонлашаётганидан хавотирлар кучайган. 17 сентябрь куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ШҲТ саммитида Панжшир қамалда қолгани ва толиблар маҳаллий аҳолини инсонпарварлик ёрдамидан тўсиб қўйганини айтган.

Бундан ташқари, Миллий қаршилик жабҳасининг маълум қилишича, толиблар тинч аҳолини ҳибсга олиб, Капис вилоятидаги қамоқхонага жўнатишмоқда. МҚЖ раҳбарларидан бири бўлмиш Муҳаммадсолиҳ Регистоний толиблар уйма-уй юриб, панжирликларни қийноққа солаётганини айтган. У халқаро ҳамжамиятни Толибоннинг хатти-ҳаракатларини қоралашга чақирган.

Аввалроқ толиблар Панжшир ҳудудини минадан тозалашда тинч аҳолидан фойдаланаётгани ҳақида маълум қилинганди.

Толибон ҳаракати ҳали ушбу айбловларга муносабат билдирганича йўқ.

XS
SM
MD
LG