Ссылки доступа

Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасида автомобиль ва темир йўл қатнови тикланади


Ўзбекистон Афғонистон билан автомобиль ва темир йўл қатновини тиклайди. Бу ҳақда, ТАСС агентлиги хабарига кўра, Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев 20 сентябрь куни Тошкентда маълум қилган.

“Албатта биз Афғонистон билан автомобиль ва темир йўл алоқасини тиклаймиз, мазкур йўллар орқали бу мамлакатга пандемия даврида афғонистонликлар жуда муҳтож бўлиб турган озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб берилмоқда, бу иш гуманизм нуқтаи назаридан амалга оширилади”, деган И. Эргашев.

Мулозим Афғонистон билан чегара бошқа сабабларга кўра эмас, балки коронавирус пандемияси туфайлигина ёпилганини урғулаган.

Эргашевга кўра, шу кунда мазкур чекловлар яна қанча давом этишини айтиш қийин, чунки бу эпидемиологик вазиятнинг яхшиланишига билангина эмас, балки Афғонистонда ҳокимият органлари қанчалик тез шакллантирилиши билан ҳам боғлиқ.

“Вазирлик ва бошқа органлар шакллантирилиши лозим, тузилган идораларни эса толибларнинг ўзлари муваққат деб атамоқда”, деган мулозим бу идоралар давлат йиқилмаслиги учунгина тузилганига эътибор қаратган.

Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили расмий Тошкент қўшни ўлкада барча жиҳатларни эътиборга олган ҳолда ҳукумат тузилишига умид қилаётганини қўшимча қилган.

Икки мамлакат ўртасидаги автомобиль ва темир йўл алоқаси Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш ҳолати илк бор кузатилган 2020 йил март ойидан тўхтаган эди.

XS
SM
MD
LG