Ссылки доступа

Тожикистон ТИВ вазири БМТ минбаридан Панжшердаги зўравонликларга чек қўйишга чақирди


Тожикистон Ташқи ишлар вазири халқаро ташкилотлар ва нуфузли давлатларни Афғонистоннинг тожиклар истиқомат қиладиган Панжшер шаҳри аҳолисига нисбатан «бу азоб ва қонунсизликни тўхтатишга» чақирди.

Сирожиддин Муҳриддин 21 сентябрь куни Нью-Йоркда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 76 сессияси доирасида Афғонистон халқи хавфсизлигини таъминлаш бўйича олий даражадаги мулоқотда нутқ сўзлаб, Панжшир аҳолисининг оғир аҳволига алоҳида эътибор қаратди.

Толибон гуруҳи, Кобул қўлга олинганидан уч ҳафта ўтгач, Панжшер вилоятини ўз назоратига олди.

Афғонистон миллий қаршилик фронти айни пайтда Панжшер толиблар томонидан тўлиқ қўлга олинмаганини ва уларнинг кучлари билан толиб жангчилари ўртасида жанглар ҳали ҳам давом этаётганини айтди.

Сўнгги ҳафталарда Панжшердаги вазият ёмонлашганидан хавотирлар кучайган.

Тожикистон президенти 17 сентябрь куни Душанбеда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларига Панжшер қамалда қолганини, Толибон гуманитар ёрдамга киришни тўсиб қўйганини айтди.

21 сентябрь куни Нью-Йоркда Сирожиддин Муҳриддин нуфузли давлатлар ва халқаро ташкилотларни «Панжшер ва Афғонистоннинг бошқа ҳудудлари аҳолисига гуманитар ёрдам кўрсатиш учун йўллар очишга ёрдам беришга» чақирди.

Толибон Панжшер аҳолисига қилинган ҳар қандай босимни рад этади. Айни пайтда, панжшерлик афғон блогерлар маҳаллий бозорлар ёпилгани ва аҳолини озиқ-овқат ва дори-дармон танқислиги, юқори нархлар ва ишсизликдан хавотирда.

Сентябрь ойи бошида Британиянинг The Guardian газетаси Панжшер водийсида гуманитар фалокат юз бериши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганди. Нашрнинг ёзишича, қамал давом этар экан, водий аҳолиси озиқ-овқат ва дори-дармон тақчиллигига дуч келмоқда.

XS
SM
MD
LG