Ссылки доступа

Қирғизистонга Ўзбекистондан 15 жайрон олиб келинади


Октябрь ойида Қирғизистонга Ўзбекистондан 15 та жайрон олиб келинади. Бу ҳақда Миллий Фанлар Академияси Биология институти умуртқали ҳайвонлар лабораторияси раҳбари Асқар Давлетбаков брифинг чоғида маълум қилди.

Унга кўра, бир кун олдин шартнома имзоланган ва Қирғизистонга ҳайвонларни олиб кириш жараёни бошланган.

«Қирғизистонда жайронлар бутунлай йўқ бўлиб кетди. 2007 йилда мен шахсан учтасини кўрдим. Аммо шундан кейин уларни топишга бўлган уринишларимиз муваффақиятсиз тугади, шунинг учун биз бугун улар бутунлай ғойиб бўлганини айтишга мажбурмиз. Келгуси ойда популяцияни тиклаш учун жайронларнинг кичик гуруҳини олиб келамиз. Аввалига 15 та, кейинги йилдан бошлаб кўпаямиз, бошқа давлатлар билан ҳам музокаралар олиб борамиз», деди Давлетбаков.

Жайрон Қирғизистон Қизил китобига киритилган. Ҳайвонни ноқонуний отиш учун қонун ҳужжатларида бир миллион сом миқдорида жарима назарда тутилган.

Қайд этилишича, ўтган асрда жайронлар сони анча кўп бўлган, улар Иссиқкўл ва Чуй вилоятларида топилган. 80 йиллар ва 90 йилларнинг бошларида жайронлар сони сезиларли даражада камайди. Энди бу ҳудудда жайрон борлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

2019 йилда Қирғизистон ва Қозоғистон ўртасида 50 та жайронни текин ўтказиш масаласини ўз ичига олган протокол имзолангани маълум қилинди.

XS
SM
MD
LG