Ссылки доступа

АҚШ: Намояндалар палатаси қўмитаси Навальний рўйхати бўйича санкциялар жорий этишни маъқуллади


U.S. – Capitol Building dome detail with US flag waving

АҚШ Намояндалар палатасининг Регламент қўмитаси президент маъмуриятига россиялик мухолифатчи Алексей Навальний сафдошлари томонидан инсон ҳуқуқ ҳуқуқларини бузишда ва коррупцияда айбланган 35 кишига нисбатан санкциялар жорий этишни тавсия этувчи қонун лойиҳасини маъқуллади.

Агар лойиҳа Конгрессда маъқулланса, таклиф қилинган санкциялар рўйхатини Жо Байден маъмурияти баҳолаши керак бўлади. Бунинг учун Оқ уйга кўпи билан олти ой вақт берилади. Бу ҳақда конгрессмен Пол Массаро Твиттерда маълум қилган.

Рўйхатда тадбиркорлар Алишер Усмонов, Роман Абрамович, Олег Дерипаска, “Роснефть” раҳбари Игорь Сечин, “Газпром” раиси Алексей Миллер, Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин, ФСБ директори Александр Бортников, “Биринчи канал” бош директори Константин Эрнст, RT бош муҳаррири Маргарита Симоньян, “Росгвардия” директори Виктор Золотов ва бошқаларнинг исмлари келтирилган. Уларнинг барчаси Путинга яқинлиги билан танилган.

“Глобал Магнитский қонуни”га мувофиқ санкциялар жорий этиш ҳақидаги қонун лойиҳасини Намояндалар палатасига Демократик партия вакили Том Малиновски ҳамда республикачи Жон Кёртислар киритишган. Техник жиҳатдан бу ерда гап АҚШ ҳарбий бюджетига тузатишлар киритиш ҳақида бормоқда – айни механизм илгари, чунончи, “Шимолий оқим-2” газ қувури қурилишида қатнашган ширкатларга нисбатан татбиқ этилганди.

Рўйхатни тузишда ҳозирда “Ив Роше” иши бўйича Россияда қамоқ жазосини ўтаётган Навальний жамоасининг тавсиялари асос қилиб олинган.

Жорий йилнинг мартида Евроиттифоқ ва АҚШ Алексей Навальнийнинг ҳибсга олиниши ва таъқиб қилиниши туфайли қатор россиялик мулозимларга қарши санкциялар жорий этганди.

XS
SM
MD
LG