Ссылки доступа

Қирғизистон Афғонистонга гуманитар ёрдам етказди, расмийлар Толибон ҳукумати раҳбарияти билан учрашди


Президент Садир Жапаров номидан Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Таалатбек Масодиқов бошчилигидаги Қирғизистон делегацияси Кобулга гуманитар ёрдам юборди. Бу ҳақда давлат раҳбари маъмурияти хабар бермоқда.

Унинг сўзларига кўра, гуманитар юк «расман Бош вазирнинг биринчи ўринбосари в.б. мулла Абдул Ғани Барадарга топширилган».

«Учрашув давомида Таалатбек Масодиқов Мулла Абдул Ғани Барадар билан батафсил суҳбатлашди, унинг давомида томонлар Афғонистондаги сиёсий вазиятни муҳокама қилишди ва мамлакат ҳамда умуман минтақадаги хавфсизлик масалалари юзасидан фикр алмашишди. Мулла Абдул Ғани Барадар Қирғизистон Президенти Садир Жапаровга ва мамлакат халқига афғон халқига кўрсатилган гуманитар ёрдам учун миннатдорлик билдирди», — дейилади пресс-релизда.

Абдул Ғани Барадар, Қирғизистон Республикаси Президенти маъмурияти таъкидлаганидек, Афғонистоннинг эҳтиёжларини алоҳида қайд этди, чунки халқаро ҳамжамият ваъда қилган гуманитар ёрдам ҳали келмаган ва Афғонистоннинг молиявий ҳисоблари ҳали ҳам музлатилган. «Суҳбат чоғида Мулла Абдул Ғани Барадар қўшни давлатлар билан ишончни мустаҳкамлаш чораларини кучайтириш зарурлигини таъкидлаб, Толибоннинг мамлакатда тинчлик ўрнатиши ва аҳолиси турмушини яхшилаш учун иқтисодиёт билан шуғулланиши муҳимлигини таъкидлади».

Кобулда Таалатбек Масодиқов, аввал хабар қилинганидек, Толибон ҳукумати ташқи ишлар вазири в.б/ Амир Хон Муттаки билан ҳам учрашди. Қирғизистон Президенти маъмурияти учрашув протокол характерида ўтганини қайд этди.

Қирғизистон делегацияси таркибида Масодиқовдан ташқари президент маъмуриятининг ташқи сиёсат бўлими бошлиғи Жонбек Кулубаев ҳам бўлган.

XS
SM
MD
LG