Ссылки доступа

МБ: Ўзбекистоннинг ялпи ташқи қарзи 36 миллиард долларга етиб қолди


Ўзбекистоннинг ташқи қарзи биринчи ярим йилликда йил бошига нисбатан 2 миллиард доллардан кўпроққа (6 фоиз) ошиб, жорий йилнинг 1 июль ҳолатига 35 миллиард 894 миллион 900 минг доллар етган.

2021 йил бошида ташқи қарз миқдори 33 миллиард 845 миллион 500 минг долларни ташкил этганди. Бу ҳақда Марказий банкнинг “Ўзбекистон Республикаси тўлов баланси, халқаро инвестицион позицияси ва ташқи қарзи” ҳисоботида айтилган.

МБ қайдича, қарийб 36 миллиард долларлик ташқи қарзнинг 21 миллиард 985 миллион 900 минг долларини давлат қарзи (61 фоиз), 13 миллиард 909 миллион долларини эса хусусий қарз (39 фоиз) ташкил этмоқда.

Регулятор давлат ташқи қарзи ўсишини “ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш бўйича давлат дастурларини молиялаштириш учун янги қарзларнинг жалб қилиниши билан” изоҳлаган бўлса, “хусусий секторда асосан тижорат банклари ва иқтисодиётнинг бошқа секторлари томонидан янги қарздорликларнинг жалб қилиниши ва асосий қарзларнинг қисман сўндирилиши ҳисобига ўсиш кузатилган”и боғлаган.

Биринчи ярим йиллигида давлат ташқи қарзи 3 фоизга ёки 627 миллион 900 минг долларга ошган, бунга жаҳон бозорида Ўзбекистон халқаро облигациялари нархларининг тушиши, шунингдек, янги қарздорликларнинг жалб қилиниши ва асосий қарз тўловлари амалга оширилиши ҳамда курслар ўзгариши сабаб ўлароқ келтирилган.

Хусусий ташқи қарз эса жорий йилнинг январь-июнь ойларида 11 фоизга ёки 1 миллиард 400 миллион долларга ошган ва бу ўсиш асосан банклар ва бошқа сектор ҳиссасига тўғри келган.

Марказий банкнинг ташқи қарзга оид рақамлари Молия вазирлигининг яқинда ёйинлаган ҳисоботидаги рақамларга мос келмайди. Жорий ой бошида вазирлик ўз ҳисоботида Ўзбекистоннинг давлат қарзи биринчи ярим йилликда 858 миллион 600 минг долларга ёки 3,7 фоизга ошгани ҳамда 1 июль ҳолатига 24 миллиард 200 миллион долларни ташкил этгани ҳақида билдирган эди.

XS
SM
MD
LG