Ссылки доступа

Қашқадарёда номусини ҳимоя қилишга уринган ҳомиладор аёл 15 йилга қамалиши мумкин


Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида ҳомиладор аёл ўзини зўрлашга ҳаракат қилган қўшнисини пичоқлаб қўйган.

Вилоят прокуратураси маълумотига кўра, жорий йилнинг 25 июнь куни Чироқчи тумани “Лангар” маҳалла фуқаролар йиғини “Тўлақул” қишлоғида яшаган марҳум Ж.А. қўшниси – ҳомиладор Н.Ж.га нисбатан куч ишлатиб, уни жинсий алоқа қилишга ундаган. Юзага келган ҳолатда ўз номусини ҳимоя қилган аёл ёнида бўлган ошхона пичоғи билан Ж.А.га бир марта зарба берган, етказилган тан жароҳати натижасида тажовузчи вафот этган.

Ҳолат юзасидан мамлакат Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, Чироқчи туман прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилган ва шу йил 7 сентябрида иш туман судига оширилган. Мазкур модда бўйича аёл 10 йилдан 15 йилгача қамалиши мумкин.

Nemolchi.uz лойиҳаси раҳбари Ирина Матвиенко қашқадарёлик ҳомиладор аёлга қўйилган айбловни ҳақсиз, деб ҳисоблашини билдирган.

“Терговчиларимиз, судларимиз, прокурорларимиз Жиноят кодексида бор бўлган 98-модда (Кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида қасддан одам ўлдириш) ёки 100-моддага (Зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиб, қасддан одам ўлдириш) нимага эътибор бермаётганларини билмайман. Нима учун ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатдан жабрланган пайтда қотилликка қўл урган ёки кишига оғир тан жароҳати етказган кишилар қурбонини қўлида пичоқ билан пойлаб турган шахсларга тенглаштирилмоқда? Ваҳоланки, менимча, бунақа ишлар ҳатто қасддан одам ўлдириш ёки қасддан тан жароҳати етказиш сифатида ҳам кўриб чиқилмаслиги лозим”, деб ёзган Ирина Матвиенко.

Фаолга кўра, ҳомиладор аёл бу қадамга давлат аёлларни зўравонликдан яхши ҳимоя қила олмаётгани туфайли борган. Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқлари учун курашиб келаётган И. Матвиенко қашқадарёлик аёлни судни озод қилишга чақирган.

XS
SM
MD
LG