Ссылки доступа

Швейцарияда бир жинсли никоҳларни легаллаштириш бўйича референдум бўлиб ўтди


Швейцарияликлар 26 сентябрь куни бир жинсли никоҳларни легаллаштиришга оид умумхалқ референдумида иштирок этишди. Reuters агентлиги хабарига кўра, сайловчиларнинг 64 фоизи бу каби никоҳларни қонунийлаштиришни дастаклаб овоз берган.

Янги қонун бир жинсли жуфтликларга ўзаро никоҳланиш ва бола асраб олиш ҳуқуқини беради. Ўзаро оила қурган аёлларга сунъий уруғланиш орқали фарзанд кўришга ҳам рухсат этилади. Бунгача Швейцарияда донор спермасидан фақат гетеросексуал оилалар фойдаланиши мумкин эди, холос.

Швейцария дунёда бир жинсли шахслар ўртасида тўлақонли никоҳ қурилишини маъқуллаган 30-давлатга айланди.

Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти бу мамлакатдаги овоз бериш натижаларини “тенг йўлидаги муҳим босқич” деб атаган.

Ўнг қараш тарафдори бўлган Швейцария халқ партияси вакиллари референдум натижаларидан ҳафсалалари пир бўлганини билдирганлар. Уларнинг фикрича, бир жинсли никоҳларнинг легаллашуви болалар иқболига салбий таъсир кўрсатади.

XS
SM
MD
LG