Ссылки доступа

Толибон Тожикистон билан чегарадош Таҳор шаҳрига минглаб худкушларни юборди


Толибон расмийларининг айтишича, қўшинлар Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош Таҳор вилоятига юборилган

Тожикистонда тақиқланган, Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритгандан сўнг Афғонистон Ислом Амирлиги ташкил этилганини эълон қилган Толибон сўнгги кунларда «хавфсизлик таҳдиди ва бошқа потенциал таҳдидларни бартараф этиш учун» Таҳор вилоятига қўшин юборди.

Тожикистон расмийлари бу хабарни «бироз бўрттирилган» деб ҳисоблайдилар, лекин айни пайтда «чегаранинг нариги тарафидаги экстремистик гуруҳларнинг ҳаракатларини назорат қилади», деб айтишди.

Толибон матбуот котиби Забиҳулла Мужоҳид 25 сентябрь куни ҳарбий машиналар ва форма кийган одамларнинг суратларини твиттерда ёзиб, «потенциал хавфсизлик таҳдидлари ва бошқа муаммоларни бартараф этиш учун Таҳорга ўн минглаб Ислом Амирликлари Мансури махсус кучлари сафарбар этилганини» ёзди.

Ислом Амирлигининг Мансури армияси асосан худкушлардан иборат. Ўтган ҳафта Толибон бу қўшинларни Бадахшон вилоятига юборишини эълон қилди.

Тожикистон Афғонистоннинг «зулм натижасида тузилган» Толибон ҳукуматини тан олмаслигини очиқ айтган кам сонли қўшнилардан биридир. Тожикистон президенти Имомали Раҳмон бир неча бор толибларни ҳаракатлари ва Афғонистондаги тожикларнинг ҳуқуқларини менсимасликлари учун танқид қилган. Шунингдек, Тожикистон расмийлари Панжшер вилоятида толибларга қаршилик кўрсатадиган ягона куч — «Қаршилик фронти»ни қўллаб-қувватлаганликларини яширишмади. Шу боис, айрим экспертлар толибларнинг тожик чегарасидаги ҳаракатларини Тожикистоннинг позицияси билан боғлайди.

26-сентябрь куни Тожикистоннинг чегара қўшинларининг ТБАВдаги исми сир қолишини истаган вакили «минглаб қўшинлар» ҳақидаги хабарлар ваҳимали, лекин улар чегаранинг нариги томонида бўлаётган воқеаларни диққат билан кузатаётганини айтди.

Аввалроқ, Тожикистон расмийлари толиблар назорати остидаги тожиклар ва кавказликлардан ташкил топган тўдаларнинг бир қисми Тожикистонга бостириб киришга тайёр эканлиги ҳақида маълумот олганликларини билдиришганди. Кейин Толибон бу хабарларни рад этиб, ҳеч бир гуруҳга Афғонистондан қўшни давлатлар ерига киришга рухсат берилмаслигини айтди. Бироқ, Тожикистон толибларнинг бу ваъдаларига шубҳа билан қарайди ва чегара хавфсизлигини мустаҳкамлаш чораларини кўрди.

Тожикистоннинг Афғонистон билан чегараси 1400 километрдан ошади ва охирги пайтларда Тожикистон Россия ва Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг бошқа аъзолари билан Тожикистон-Афғонистон чегарасида қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказиб, улардан фойдаланиб, чегара назоратини кучайтирди.

Толибон 15 августда деярли ҳеч қандай тўқнашувсиз Кобулни эгаллаб олди ва Афғонистонни «Ислом Амирлиги» деб эълон қилди. Орадан деярли икки ой ўтиб, ҳали ҳеч бир мамлакат Толибоннинг янги ҳукуматини тан олмаган.

XS
SM
MD
LG