Ссылки доступа

NRC: Афғонистон иқтисодиёти ҳалокат арафасида турибди


Норвегиядаги қочқинлар кенгаши - NRC Афғонистон иқтисодиёти ҳалокат арафасида тургани ва мамлакат гуманитар инқирозга юз тутганини эслатди.

Ташкилот Бош котиби Ян Эгеланн 27 сентябрь куни Кобулга қилган сафари давомида Афғонистонда нақд пул етишмовчилиги оқибатида банк тизими ҳам ишдан чиқиши мумкинлигини таъкидлади.

“Биз ҳаво ҳарорати 20 даражагача тушадиган қиш мавсумигача инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун вақт билан курашаяпмиз. Қочишга мажбур бўлган юз минглаб кишиларга тез орада бошпана, иссиқ кийим-бош ва озиқ-овқат керак”,-деди Ян Эгеланн.

Қочқинлар кенгашининг билдиришича, январь ойидан бери Афғонистондан 664 минг одам чиқиб кетган. Бу билан афғон қочқинлари сони 3,5 миллион кишига етди.

Толибон ҳукуматни босиб олгани ортидан халқаро ҳамжамият Афғонистонга бериладиган ёрдамни вақтинча тўхтатган ва Толибон ҳукуматини тан олмаслигини билдирган.

Қочқинлар кенгашининг билдиришича, бугунги кунда Афғонистонда ҳар уч одамнинг бири очликда яшамоқда.

БМТнинг Озиқ-овқат дастури сўнгги бир ҳафтада Афғонистондаги оилаларнинг 93 фоизи тўйиб овқатланмаганини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG