Ссылки доступа

Афғонистоннинг БМТдаги доимий вакилининг нутқи бекор қилинди


Афғонистоннинг БМТдаги доимий вакили Ғулом Исхоқзайнинг БМТ Бош ассамблеясидаги нутқи бекор қилинди. У 27 сентябрь, душанба куни БМТ Бош ассамблеясининг йиллик сессиясида сўзлаши керак эди.

БМТ Бош ассамблеяси раиси матбуот котиби Моника Грейлей душанба куни матбуотга Афғонистон умумий баҳсдан чиқиб кетганини айтди. Грейли айни пайтда Афғонистоннинг БМТдаги доимий ваколатхонаси нима учун БМТ Бош ассамблеясидаги нутқини бекор қилганини тушунтирмаганини таъкидлади.

Ғулом Муҳаммад Исхоқзай Толибонга қарши қатъий позицияни эгаллайди ва илгари халқаро ҳамжамиятни бу экстремистик гуруҳни тан олмасликка чақирган.

Бир неча кун олдин Афғонистон Толибон ҳукумати Ташқи ишлар вазири Амир Хон Мутаки БМТ Бош котиби Антонио Гутерришга мактуб йўллаб, унда БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида сўзлашиш имкониятини сўради.

Ҳозирча ҳеч бир давлат Толибон ҳукуматини расман тан олмаган. Ғулом М. Исхоқзай ҳанузгача Афғонистон ҳукуматининг БМТдаги вакили бўлиб турибди, лекин Толибон ўз мактубида Исхоқзай энди Афғонистон вакили эмаслигини айтган.

Дунёнинг ҳеч бир давлати Толибон тузган ҳукуматни тан олмаганини ҳисобга олсак, бу йил ҳеч бир афғон делегацияси БМТ Бош ассамблеясида чиқиш қила олмайди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ишонч ёрлиқлари қўмитаси Афғонистонни БМТда ким вакили бўлиши билан шуғулланиши кутилмоқда.

Толибон 15 августда Кобулга кириб, Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олди. Ашраф Ғани шу куни Афғонистонни тарк этди. Унинг ортидан юз минглаб одамлар Афғонистонни тарк этишди.

XS
SM
MD
LG