Ссылки доступа

Тадбиркорлар ЎзЛиДеП баннерларини тайёрлашга мажбурланаётганидан шикоят қилмоқда


Фарғона вилоятидаги айрим тадбиркорлар 24 октябрдаги сайловларда амалдаги президент Шавкат Мирзиёев номзодини илгари сурган ЎзЛиДеП Фарғона вилоят булими ходимларини тарғибот баннерларини тайёрлаб беришга мажбурлаётганидан шикоят қилмоқда.

ЎзЛиДеП вакиллари Озодликка сайловолди тарғибот ва ташвиқот кўргазма материаллари партия Марказий қўмитаси томонидан молиялаштирилаётганини билдирди.

Айни пайтда президентликка номзодларнинг сайловолди баннерлари ижтимоий тармоқларда муҳокама мавзусига айланган.

Телеграм орқали мурожаат қилган бир гуруҳ фарғоналик тадбиркорлар Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Фарғона вилоят бўлими ходимлари босимига учраётганидан арз қилди.

Исмини ошкор қилмасликни сўраган бизнесменлардан бирига кўра, ЎзЛиДеПнинг вилоят бўлими ундан партия номзоди Шавкат Мирзиёев суратлари акс этган баннерлар ва плакатларни тайёрлаб беришни "қатъий оҳангда" сўраган.

- Фарғона шаҳрида тадбиркорман. Катта тадбиркорлардан 6х3 метрли баннерларини тайёрлаб беришни сўрашди. Биттадан тайёрлаб берсак, “яна битта қилиб берасан!”, деб босим қилишяпти. Ҳар бир баннер энг арзони 400-500 минг сўм атрофида. Буни қилиб бердикку-я, эртага “яна қилиб бер” деб келиши эҳтимоли бор. “Партия учун, қурбингиз етади, чиқариб беринг”, деб келяпти. Бизнинг ишларимиз, оиламиз бор, ахир!

Тадбиркорнинг сўзларига кўра, у баннерларни тайёрлаш учун ЎзЛиДеПнинг ўзини "Ҳалимжон" деб таништирган вакили кўрсатган фирмага нақд пул ўтказиб берган.

Маълум бўлишича, Фарғона шаҳрида ЎзЛиДеП номзоди Шавкат Мирзиёев билан бирга “Миллий тикланиш”, “Адолат”, Экологик ва бошқа партиялар номзодлари сиёсий реклама баннерлари ҳам ўрнатилган.

ЎзЛиДеПнинг Фарғона вилоят бўлими вакили Ҳалимжон президент партияси вакили тадбиркорларнинг иддаоларини қатъиян инкор қилди.

- Биз постер ва баннерларни ҳаммасини “Тасвирий ойина” ширкатида партиямиз ҳисобидаги пулга қилдиртиряпмиз. Ким бундай мурожаатларни қиляпти? “Тасвирий ойина”га 6х3 метрли баннерни ҳамма туманларга қилдириб беряпмизку! Мана ҳозир Тошкентдан таъминлаб берилди – байроқ, шарфларни тарқатяпман, жами 20 хилдан ортиқ материал олиб келинди марказдан: улар учрашув бўладиган жойларга бериляпти. Ҳеч бир тадбиркорга ундай нарса дейилгани йўқ. Қолган сарф-харажатлар бўйича менинг бошқа маълумот беришга ваколатим йўқ, деди ЎзЛиДеП вакили.

Шу йил бошида Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси 24 октябрдаги президент сайлови харажатлар сметасини 300 млрд сўм этиб тасдиқлаган.

XS
SM
MD
LG