Ссылки доступа

ССВ болалар ўртасида номаълум вирус тарқалаётганига оид маълумотни рад этди


Тошкентда болалар орасида номаълум вирус тарқалаётганига оид хабарлар ҳақиқатга зид. Бу баёнот Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 28 сентябрь оқшомида тарқатилди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда ўзини Тошкент шаҳридаги поликлиникаларидан бирида ишлайдиган шифокор деб таништирган шахс пойтахтда болалар ўртасида номаълум юқумли хасталик тарқаётганига оид видеомурожаат билан чиқиб, ССВга ўқувчиларни карантинга олишни таклиф қилганди.

Вазирлик мазкур мурожаатга муносабат билдираркан, бугунги кунда Тошкентда болаларда кузатилаётган хасталикларнинг COVID-19 инфекцияси билан боғлиқ эмаслиги, шифохоналарга ўткир респиратор вирусли инфекция касалликлари билан ётқизилаётган болаларнинг барчасидан ПЗР тест таҳлиллари олинаётгани, бироқ уларнинг қарийб барчасида коронавирусга чалиниш ҳолати аниқланмаганини қайд этган.

Хусусан, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат Отабеков “соҳа мутахассислари томонидан доимгидек бу йил ҳам тана ҳарорати кўтарилиши билан шифохонага мурожаат қилаётган болалар текширувдан ўтказилганда уларда ҳеч қандай номаълум вирус аниқланмагани, касалликни оддий ўткир респиратор вирусли инфекциялар қўзғатаётгани маълум бўлгани”ни билдирган.

“Шундай экан, мавсумий касалликдан фожеа ясаш, шусиз ҳам бугунги мураккаб пандемик шароитида яшаётган одамлар орасида асоссиз ваҳима уйғотиш яхши ҳолат эмас, деб ўйлайман”, деган мулозим.

Сентябрь ойи бошидан буён Ўзбекистонда мавсумий ўткир респиратор вирусли инфекциялар тарқалиши тўлиқ назоратга олганини урғулаган ССВ “умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларини карантинга ёпишга ҳеч қандай асос йўқ”лигини билдирган.

XS
SM
MD
LG